Ўзбекистон | 11:22
860
2 дақиқада ўқилади

“Келажак” марказларида ўқиш учун ота-оналар тўлови миқдори белгиланди

2026 йилдан бошлаб “Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали БҲМга нисбатан белгиланган миқдорларда ундирилади. Тўловлар 1 январ ва 1 сентябрдан босқичма-босқич оширилади, камбағал оилалар, етим болалар ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган фарзандлар эса муайян тартибда ушбу тўловдан озод этилади.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Ҳукумат қарори (776-сон, 2025 йил 10 декабр) билан “Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилди. Унга кўра, тўловлар базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)га нисбатан қуйидаги миқдорларда ундирилади:

2026 йил 1 январдан:

  • Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 30 фоизи;
  • вилоятлар марказларида – 25 фоиз;
  • республика қолган туман (шаҳар)лари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразм вилояти Урганч шаҳарларида – 15 фоиз;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туман (шаҳар)ларида – 10 фоиз.

2026 йил 1 сентябрдан:

  • Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 60 фоизи;
  • вилоятлар марказларида – 50 фоиз;
  • республика қолган туман (шаҳар)лари, шу жумладан Нукус ва Урганч шаҳарларида – 30 фоиз;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятининг қолган туман (шаҳар)ларида – 20 фоиз.

Қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ, жорий ой учун тўлов ушбу ойнинг 10-санасидан кечикмасдан амалга оширилади. Фақат сентябр ойи учун тўлов 30-санагача тўланиши мумкин.

Тўловдан озод этиладиган тоифалар:

  • “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларнинг фарзандлари (таълим олувчилар умумий сонининг 15 фоизи доирасида);
  • алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат ўқувчилари;
  • етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек умумий ўрта таълим ташкилотларининг инклюзив синфларида таълим олаётган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар.

Ота-оналар тўловидан тушган маблағлар “Келажак” марказлари инфратузилмасини яхшилаш, ўқув дастурларини ривожлантириш ва болалар таълими учун қулай шароитларни янада кенгайтиришга йўналтирилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид