Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, мажлисда қўмита томонидан 2021 йил 3 феврал куни Ички ишлар вазирлигига республиканинг барча ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида тиланчилик қилувчи шахслар сони кўпайиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини сўраб юборилган мурожаатига жавоб ҳам кўрилди.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда аҳоли ҳаракати гавжум бўлган кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда чорраҳаларда тиланчилик қилиб келаётган шахслар кўплаб учрамоқда. 

“Бу эса, ўз навбатида, тиланчи шахслар томонидан фуқароларнинг юришига қўймай, автомобил йўлларида эса транспорт воситалари ҳаракатланишига хавф туғдириб, қатъий туриб садақа сўраши кишининг таъбини хира қилиши табиий. Бундай нохуш ҳолатлар аҳоли кайфиятига салбий таъсир этиб, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бироқ мамлакатимиз қонунчилигида айнан тиланчилик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласи белгиланган бўлса-да, ушбу норманинг ҳаётда қатъий ишламаётгани бундай шахсларнинг кундан кун кўпайиб боришига замин бўлмоқда”, дейилади маълумотда.

Ички ишлар вазирлигининг қўмита хатига берган жавобига кўра, Патрул-пост,  Йўл патрул хизмати ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимлари томонидан кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда автомобил йўлларида ҳудудий ички ишлар органлари томонидан тегишли топшириқлар асосида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада, январ ва феврал ойининг 20 кунлик даврида тиланчилик билан шуғулланиб юрган 131 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларга нисбатан 8 млн сўмга яқин жарима жазоси белгиланган ҳамда 1 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил январ ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаганди. 

Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш тиланчилик сифатида белгиланди.