Жаҳон | 16:34 / 07.03.2021
19206
3 дақиқада ўқилади

Янги «Қизил денгиз» – аэропорт қурилиши бошланиб кетди

Саудия Арабистонида Қизил денгиз соҳилида халқаро аэропорт қурилиши бошланди. Лойиҳа муаллифи Британиянинг Foster + Partners ширкати.

Фото: TheRedSea

Жаҳон сайёҳлик соҳаси мажбурий танаффусда эканида баъзи давлатлар янги курортлар қуришга шошилмоқда. Улар оммавий авиарейслар очилгач дам олувчиларни жалб қилишни мўлжаллашган.

Саудия Арабистони 2018 йилдаёқ The Red Sea лойиҳасини ишга туширган ва ишга 4000дан ортиқ мутахассис жалб этилган, 24 компания билан 2 миллиард доллар қийматидаги 500 шартнома имзоланган.

«Қизил денгиз» лойиҳаси замонавий аэропорти туфайли бутун дунёдан келадиган сайёҳлар учун очиқ бўлади. Экспертларнинг баҳолашича, курортдан уч соатлик парвоз масофасида 250 миллион потенциал сайёҳ бор. Бир йилда 360 кунлик қуёшли кун йил бўйи дам олиш имконини беради.

2021 йил Британиянинг етакчи Foster + Partners компанияси лойиҳаси асосида халқаро аэропорт қурилиши бошланди. Саудиянинг ғарбий соҳилларида Red Sea лойиҳаси доирасида қумли ландшафт жилолари ва нақшларидан илҳомланган янги аэропорт барпо этилади.

Саудия Арабистони «биринчилик пальмаси»ни Мисрдан тортиб олишни ва сайёҳларга Қизил денгизда дам олиш учун янги жой таклиф қилишни кўзламоқда. Foster + Partners қураётган аэропорт фақат ва фақат сайёҳлар ва ҳордиқ чиқарувчиларга мўлжалланган. Қурилиш ишлари жадал кетмоқда ва келаси йил янги транспорт иншооти илк сайёҳларни қабул қилишга тайёр бўлади.

«Қизил денгиз» лойиҳасининг стратегик режаларига кўра, аэропортнинг ўтказувчанлик салоҳияти 2022 йилга бориб йилига қарийб 8 миллион кишини ташкил этади.

Янги аэропорт ёрқин, чиройли, ғайриоддий ва ультразамонавий бўлади. Унинг қиёфаси атрофдаги чўл билан гармонияда бўлиши кутилмоқда. Транспорт иншооти теварагида учиб кетиш ҳудудлари, ресторанлар ва спа-марказлардан иборат беш капсула жойлашади. Капсулалар орасида эса, ораси яшил ҳудудлардан иборат учиб келиш майдонлари бўлади.

Аэропорт модул тамойилида барпо этилмоқда. Сайёҳлар оқими кам бўлган даврда капсулаларнинг айримлари консерваланиши мумкин, мавсум давомида эса, терминаллар тўлиқ имкониятда ишлайди.

Бош терминалнинг ёнларида жойлашган икки қанотда аэропортнинг қўшимча сервислари жой олади. Бундай конфигурация, лойиҳа муаллифларининг айтишича, алоҳида турадиган биноларга нисбатан умумий майдон ва энергохаражатларни қисқартириш имконини беради.

«Қизил денгиз халқаро аэропорти дунёнинг ўзига хос курортларидан бирига дарвоза ва сайёҳлар таассуротларининг бир қисми бўлади. Гуллар ва чўл ландшафтининг жилоларидан илҳомланган дизайн терминал орқали осуда ва ҳашаматли саёҳатни ташкил этишга хизмат қилиши кўзда тутилган», дейди Foster + Partners студияси раҳбари Жеррард Эвенден.

Мавзуга оид