Жаҳон | 21:50 / 09.03.2021
50170
10 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик «авторитет» учун 5 млн доллар. АҚШ нима учун Бишкекдаги коррупциядан ташвишда?

АҚШ Қирғизистонда қамоқдан қўйиб юборилган криминал «авторитет» Қамчи Колбаевни қўлга олишга ёки унинг жиноий гуруҳининг молиявий механизмларини йўқ қилишга олиб келадиган маълумот учун 5 млн доллар миқдорида мукофот пули эълон қилди.

YOUTUBE

Вашингтон уни «Братский круг» аъзоларидан бири ва йирик наркобарон деб ҳисоблайди. Аввалроқ Қўшма Штатлар у қамоқхонадан чиқариб юборилиши юзасидан хавотирларини билдирганди.

Колбаев 2012 йил февралида АҚШнинг Хорижий активларни бошқариш департаментининг (ОFАC) 13581-сонли буйруғига биноан «Братский круг» (Brothers' Circle) рўйхатига киритилган. «Братский круг» - халқаро жиноий ташкилот бўлиб, унинг таркибидан Евроосиёдаги бир неча уюшган жиноий гуруҳлар ўрин олган. Америка махсус хизматлари маълумотларига кўра, бу ташкилот қурол-яроғ ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси, шунингдек, одам савдоси ва товламачилик жиноятлари билан шуғулланади

«Колбаевнинг наркотиклар сотувчи тармоғи Марказий Осиё, Россия ва Европадаги болаларни заҳарламоқда», деди Кольбаев қўйиб юборилганидан кейин АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу.

46 ёшли Қамчи Асанбек (Кольбаев) 2011 йилдаёқ АҚШ молия вазирлиги томонидан собиқ иттифоқдан бўлган 10 нафар криминал авторитет қаторида «қора рўйхат»га киритилганди.

Кольбаев иши
Қирғизистоннинг янги ҳукумати Кольбаевни хорижга чиқмаслик шарти билан қўйиб юборган. Дастлаб уни соғлигидаги муаммо туфайли ахлоқ тузатиш колонияси қошидаги шифохонага ўтказишганди, кейин эса уйга кетишга рухсат беришди.

Тўрт ой муқаддам унинг қўлга олиниши Қирғизистонда октябрдаги намойишлардан кейин ҳукумат алмашинуви ва Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарлигига Қамчибек Ташиев келишидан кейинги илк шов-шувли ҳибс бўлганди.

Мамлакатнинг янги президенти Садир Жапаровнинг яқин сафдоши бўлган Ташиев Қирғизистонни жиноятчиликдан тозалашни ваъда қилганди.

Янги лавозимга киришаркан, Қамчибек Ташиев Қирғизистонда жиноятчиликка барҳам беришни ваъда қилганди / GETTY IMAGES

Қамчи Кольбаев криминал доираларда 1990-йиллардаёқ танила бошлаган, Қирғизистонда икки марта қамоққа ҳукм қилинган, дастлаб икки кишини ўлдиришда айбланиб 25 йилга қамалган, кейинроқ яна уч йилга кесилганди. Аммо у панжара ортида жами 7 йилнигина ўтказган.

Биринчи сафар у қамоқда олти йил ўтирганидан кейин қочиб кетган ва ўзига қарши айбловлар бекор қилингунига қадар БААда яшаган, иккинчи марта эса у бир йил ўтиргач, амнистия билан озодликка чиқарилган.

Маълумотларга кўра, Кольбаевни 2006 йилда Москвада жиноят олами вакиллари «қонундаги ўғри» сифатида тан олиб, «тож кийдиришган». У ўшанда «Қирғизистон назоратчиси» сифатида тайинланади ва МДҲ ҳудудидаги энг таъсирли жиноий авторитетлардан бирига айланади. Ўша вақтда у қамоқдан қочиб кетгани учун қидирувда эди.

Аммо Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг ўша вақтдаги раҳбари Мурат Суталинов қирғизлар орасида биринчи «қонундаги ўғри» пайдо бўлишининг ижобий томонларини кўрганди.

«Энди, мен ўйлайманки, Қирғизистон жиноий оламида маълум даражада барқарорлик вужудга келади - тартибсизликлар ва безорилар камроқ бўлади», деганди 2006 йилда Суталинов Regnum агентлигида Коля-Қирғизнинг «тож кийиши»га муносабатини билдирар экан.

2020 йил октябрида Кольбаев ҳибсга олиниб, Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 249-моддаси (Жиноий ташкилот тузиш ёки унда иштирок этиш) бўйича тергов ишлари бошланган. Ҳибсга олиш Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан амалга оширилган ва жараён видеога олинган.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича жиноят иши доирасида ҳукумат Кольбаевдан 250 млн сомни (3 млн доллар) қайтаришни талаб қилади. Озод этилишидан олдин Кольбаев давлат хазинасига 49,6 млн сом (585 минг доллар) қайтарганди.

Жапаров ва Кольбаев
Талаб қилинган маблағларнинг барчаси қайтарилгач, Кольбаевдан айбловлар олиниши аниқ эмас.

Коррупцияга қарши кураш - Садир Жапаровнинг янги ҳукуматининг эълон қилинган асосий мақсадларидан биридир. Сайловолди кампанияси даврида унинг асосий кузири - коррупционерлар ва собиқ сиёсий элита томонидан ўғирланган маблағларни иқтисодий амнистия йўли билан қайтариб олиш ваъдаси эди.

Жапаров Кольбаев билан таниш эканини тан олсада, у билан алоқалари борлигини қатъиян рад этади / TASS

Мухолифлари Жапаровнинг ўзини криминал олам билан алоқадорликда, хусусан, Кольбаев билан дўстликда айблашган. Жапаровнинг ўзи бундай алоқа борлигини рад этган.

Декабр ойидаги интервьюларидан бирида Қирғизистон президенти Кольбаев билан тергов изоляторида танишиб қолганини айтганди.

«Танишмиз. Бир-биримизни сиртдан таниймиз, бизни ГКНБ тергов изоляторида ўтирганимда юзлаштиришган. Мен уни сиртдан биламан. Унгача у ҳақда фақат ОАВдаги хабарларда ўқигандим. Терговчилар бизни 2010 йилда бир иш бўйича сўроқ қилишди. Ўшанда биз бир-биримизга қарама-қарши ўтирган ҳолда терговчиларнинг саволларига жавоб қайтарганмиз. Ўшандан кейин уни кўрмаганман», деганди Жапаров.

Шу билан бирга, октябр ойидаги намойишлар вақтида қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров намойишлар етакчисига айлангач, АҚШ элчихонаси Қирғизистондаги жиноий гуруҳларнинг сиёсатга аралашиши ва сайлов натижаларини ҳал қилишга уринишларидан хавотир билдирганди.

«Коррупция рамзи»
Кольбаев - 2020 йил охирида ГКНБ томонидан қўлга олиниб, оғир айбловларга қарамай қамоқдан қўйиб юборилган мамлакатдаги ягона таниқли шахс эмас. Расмийлар Божхона хизмати бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матрайимовга ҳам шу каби марҳамат кўрсатган.

Матрайимов Қирғизистонда коррупция рамзига айланган. Суратда Бишкекдаги кафелардан бирида ёш йигитча Матрайимовнинг ниқобини тақиб турибди

Матраимов - Уюшган жиноятчилик ва коррупция маркази (ОCCРП), «Озодлик» радиоси Қирғиз хизмати ва Kloop.kg журналистлари томонидан ўтказилган бир неча шов-шувли суриштирувларда асосий фигурант бўлган. Суриштирувлар муаллифларининг тасдиқлашича, Матраимов божхонадаги коррупция орқали камида 700 млн доллар пулни ўзлаштирган.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси бу суриштирувни мамлакатда сўнгги йиллардаги энг муҳим воқеа деб атаган, яъни ўтган йил кузидаги инқилоб орқали мамлакатда ҳокимият алмашинувидан ҳам муҳимроқ.

2019 йилда суриштирувлар натижалари эълон қилингач, Матрайимов мамлакатда коррупциянинг рамзига айланди, пойтахтликлар айнан унинг портретларини кўтарган ҳолда коррупцияга қарши митингларга чиқа бошлашди.

Вақт ўтиб бундай акциялардан ёшларнинг мухолиф ҳаракати - «Реакция» шаклланди. Ҳаракатга жалб қилинган ёшлар ҳокимиятга янги кучлар келишидан кейин ҳар ҳафтада конституцион ислоҳотларга қарши ва мавжуд ҳукуматнинг қонунийлиги талаби билан тинч маршлар ўтказа бошлади.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати ҳам Матраимовни жиноий жавобгарликка тортишга чақирганди, шунингдек, собиқ амалдор ва унинг рафиқаси «Магнитский рўйхати»га киритилганди - уларнинг активларига санкция қўлланган ва улар қатор давлатларда инсон ҳуқуқлари бузувчилари сифатида талқин қилинган, уларнинг АҚШга кириши тақиқланганди.

АҚШнинг ўша вақтдаги давлат котиби Майк Помпео твиттердаги саҳифасида бу қарорни олқишлаганди.

«Мен қирғизистонлик собиқ амалдор Райимбек Матрайимов ва унинг рафиқасини коррупцияда айблайман ҳамда уларнинг Магнитский рўйхатига киритилишини мамнуният билан қабул қиламан. Биз фақат биргаликда коррупцияга қарши тура олишимиз ва бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини бузувчиларни жавобгарликка тортишимиз мумкин», дея ёзганди ўшанда у.

Матраимовнинг ўзи барча айбловларни инкор этиб келади.

Мамлакатнинг аввалги президенти ҳам журналистларнинг суриштирувларига ишонмаган ва уни қўлга олишга кўрсатма бермаган. Аммо намойишлар вақтида Садир Жапаров агар президентликка сайланса, агар айби исботланса Матрайимовни жавобгарликка тортишни ваъда қилганди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Райимбек Матрайимовни 20 октябр тонгида божхона тизимидаги коррупция иши бўйича қўлга олишганди. Тергов Матрайимов томонидан давлат бюджетига келтирилган зарар миқдорини 2 млрд сомга (24,7 млн доллар) баҳолаган. Собиқ амалдор бу маблағни тўлаган, шундан сўнг унинг мулкига хатлов бекор қилинган.

Кейинроқ суд Матрайимовни мамлакатни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборади. Аммо тўрт ой ўтиб у яна қўлга олинди, бу сафар бошқа айблов бўйича - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ювишда гумонланиб. Ҳозирда Матрайимов соғлигидаги муаммолар туфайли хусусий клиникага ўтказилган.

Дипломатик совуқчилик
АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси биринчи марта Матрайимов ҳақида муносабат билдирганида, қирғиз расмийлари ушбу баёнотларга танқидий ёндашиб, Қирғизистондаги вазиятни мафия ҳақидаги фильмлар билан таққослаш ўринсизлигини билдирганди.

Бишкек ва Вашингтон муносабатларига 2007 йилда Қирғизистонда америкаликлар ҳарбий базасига қарши намойишлар бўлиб ўтганида дарз кетганди

Бу икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар аввалроқ, 2020 йилда қамоқхонада 70 ёшида вафот этган ҳуқуқ фаоли туфайли бузилганди. У Қирғизистон жанубида 400га яқин кишининг ўлими билан якунланган этник низо вақтида милиционерни ўлдиришда иштирок этишда айбланганди.

АҚШ БМТ билан бирга суд қарори адолатсизлиги ва маҳбуснинг аҳволи оғирлиги туфайли Қирғизистон ҳукуматидан Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни сўраганди. Аммо ҳукмни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги кўплаб халқаро талабларга қарамай, суднинг Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш тўғрисидаги қарори унинг ўлимигача кучда қолди.

БМТ экспертлари ўшанда Қирғизистонни инсон ҳуқуқларини менсимасликда айблаганди.

2015 йилда АҚШ ҳукумати Асқаровни Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси мукофотига лойиқ кўрганидан сўнг, Қирғизистоннинг ўша вақтдаги президенти Алмазбек Атамбоев АҚШ ва Қирғизистон ўртасида 1993 йилда имзоланган ҳукуматлараро ҳамкорлик шартномасини бекор қилади.

Натижада Вашингтон Қирғизистонга молиявий кўмак ҳажмини қисқартиради.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг фармонига кўра, қирғизистонликларнинг мамлакатга кириши чекланади. Маълум вақт давомида улар биометрик паспорт йўқлиги сабабли АҚШга иммиграция бўлиш ёки грин-карта лотереясида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишмайди. Бу чекловлар АҚШда янги президент Жо Байден сайланганидан кейин бекор қилинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид