Жаҳон | 21:25 / 09.03.2021
11561
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Россия элчисининг ўлдирилишига алоқадор кишиларга суд ҳукми чиқарилди 

Анқаранинг ўта оғир жиноятлар бўйича суди 2016 йил декабрда Россия элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши иши бўйича айбланувчиларга жазо ҳукмини чиқарди. Унга кўра, 2 нафар айбланувчи 2та умрбод қамоқ жазоси, 3 нафари биттадан умрбод қамоқ жазоси олди.

Фото: abacapress/vostock-photo

Умуман олганда ушбу иш бўйича 28 кишига, жумладан турк мухолифи Фатҳулла Гуленга айблов қўйилган. Гулен ҳозирда қидирувга берилган. Суд давомида яна 8 киши 5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси олган, 6 киши оқланган. Ушбу қотиллик бўйича қидирувда бўлган яна 9 киши иши прокуратура талаби билан алоҳида кўриб чиқилади.

Айблов ҳукмида россиялик дипломатга суиқасд Гуленнинг FETО ташкилоти томонидан ташкиллаштирилгани айтилган. Айбланувчилар конституциявий тузумни издан чиқариш, террорчи ташкилотга алоқадорлик ва террор мақсадида қотилликни режалаштиришда айбланган.

Ҳукм чиқарилишидан олдин барча судланувчиларга сўнгги сўз имкони берилган, лекин улардан бирортаси ўз айбини тан олмаган.  

Судланувчилар орасида Туркиянинг ахборот технологиялари ва алоқа бошқармасининг собиқ ходимлари Ҳусайн Катюжа ва Шахин Согут, турк полициясининг собиқ ходимлари Аҳмет Қиличарслон ва Миллий разведка ташкилотининг Россия билан ишлаш бўлими собиқ раҳбари Ваҳби Куршод Акалин бор. Тергов версиясига кўра, Согут Карловнинг қотили Мавлут Олтинтошнинг куратори бўлган. Унга 2та умрбод қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчилардан Солиҳ Йилмаз ҳам худди шундай жазога тортилган. Суд уни Олтинтошга Россия элчисини ўлдиришга буйруқ беришда айбдор деб топган. 

Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов 2016 йил 19 декабрда Анқарадаги замонавий санъат марказида ўтган “Россия саёҳатчи кўзи билан: Калининграддан Камчаткагача” деб номланган фотокўргазма очилиши маросимида ўлдирилган. Қотил элчи нутқ сўзлаётганда унинг ортидан уч марта ўқ узган. У воқеа жойида отиб ташланган.   

Россия ҳукумати элчининг ўлдирилишини теракт деб баҳолаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид