Жаҳон | 07:22
1890
3 дақиқада ўқилади

Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Римда ҳибсга олинди

У россияликларга Шенген визаларини сотишда гумон қилинмоқда.

Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги

Италиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Пьергабриэле Пападиа де Боттини ди Сант-Аньезе Римда ҳибсга олинди. У шериги билан бирга ноқонуний иммиграцияга кўмаклашиш ва хизмат вазифаларини бажаришда коррупцияда гумон қилинмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, Пападиа ўз ёрдамчиси билан Россия фуқароларига бир йилдан уч йилгача бўлган узоқ муддатли сайёҳлик визаларини бериш схемасини ташкил этган. Шундай қилиб, белгиланган талабларга жавоб бермайдиганлар ҳам Шенген визаларини олган. Бунинг учун у бир кишидан 4 мингдан 16 минг еврогача қўшимча йиғим олган — ваҳоланки, қонун бўйича бир ариза учун 45 дан 60 еврогача бож белгиланган.

Фирибгарлик бир манзилда рўйхатдан ўтган Москвадаги учта сайёҳлик агентлиги - Happy Travel, Visa4you ва Park Lane орқали амалга оширилган. Камида 95 нафар Россия фуқароси ушбу агентликларга мурожаат қилган ва кейинчалик расмий тартибда виза олиш талабларига жавоб бермасдан Италияга кириб борган. Баъзи ҳолларда улар консуллик округида яшамаган, баъзида ариза берувчи номидан ҳужжатларни бошқа шахс имзолаган, уларнинг бир қисми эса консулликка шахсан келмасдан виза олган.

Схема 2025 йил июль ойида Ташқи ишлар вазирлигининг элчихонадаги расмий текшируви давомида, ҳужжатларда қўпол қоидабузарликлар аниқланганда фош бўлган. 81 та ҳолатда Тошкент элчихонасида виза олган россияликларнинг исмлари муассасага келувчилар рўйхатида қайд этилмаган. «Виза аризаларида аниқ қоидабузарликлар топилди, бунинг учун миссия раҳбари Пападиа бевосита масъул бўлиб, уларга «ОК» белгисини, кейин эса ўз исм-шарифининг бош ҳарфларини қўйган», деб таъкидлади терговчилар.

Тергов, шунингдек, сайёҳлик агентликлари 2025 йил январь-июль ойлари оралиғида Болгариядаги банк ҳисобига 23 600 евро ўтказиб, транзакцияни фоизли қарз сифатида белгилаганини аниқлади. Ҳисобварақ Болгарияда яшовчи Италия фуқаролигига эга россиялик Татяна Таракановага тегишли бўлиб, у илгари Пападиа билан Москвадаги Италия консуллигида ишлаган. Пападиа Тошкентда элчи бўлгач, уни виза бўлимига ишга олган.

Собиқ элчига нисбатан эҳтиёт чораси қочиш хавфи туфайли танланган: ҳибсга олинишидан бироз олдин у Россияга виза олиш имконияти билан қизиққан. Прокурорлар ва молия полицияси ходимлари 400 га яқин ишни тергов қилишни давом эттирмоқда ва Пападианинг 3 миллион еврога баҳоланган мулкини ўрганмоқда. Ўзи уни мерос қилиб олганини айтади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид