«Грантларни молиялаштириш 3,5 баробар ошди, маблағнинг 40 фоизи асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтирилмоқда» — Иброҳим Абдураҳмонов
Миллий матбуот марказида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Илмий лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, анжуманда илмий грантлар берилишининг янгиланган тизими, грант олиш жараёни ҳақида маълумотлар берилди.
«Грантлар берилиши жуда мураккаб жараён. Тизимда дастлабки қилинган ишлардан бири - илғор хорижий тажрибалар асосида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми тўлиқ жорий этилди. Давлат буюртмаси асосида уч хил типдаги - тематик, мақсадли ва ташаббускор грантлар берила бошлади.
Аввалги йилларда фақат ташаббускор лойиҳаларга эътибор бериларди. Иккинчи қўйилган қадам - якуний маҳсулот ва молиялаштириш ҳажми аниқ бўлган тематик мавзуларга оид лойиҳаларга кўпроқ аҳамият қаратилмоқда», деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.
Ҳозирда вазирлик ҳузурида илмий лойиҳаларни экспертиза қилиш учун таркиби даврий янгилаб бориладиган, жамоатчилик асосида фаолият юритадиган 18та фан йўналиши бўйича 450 нафар малакали олим ва мутахассисдан иборат янги илмий-техник кенгашлар (ИТК) ташкил қилинган.
Айни кунларда 102та илмий ташкилот томонидан тавсия этилган 520 нафардан зиёд номзодлар орасидан Scopus ва Web of Science халқаро базаларида «Ҳирш» индексига эга 126 нафар олимлар танлаб олиниб, 18та ИТК таркиби тўлиқ ротация қилинди ва 36 нафар хорижлик олимлар таркибига эксперт сифатида жалб этилди.
Иброҳим Абдураҳмонов грант лойиҳаларини саралаш босқичлари, текшириш жараёнидаги манфаатлар тўқнашуви олдини олиш, ўзаро боғлиқлик ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари ҳақида гапириб ўтди.
«Грантлар берилишида турли босқичлар бор. Бунда, грантни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш, хулосалар бериш ва молиялаштиришга тавсия этиш каби тўрт босқичдан ўтилади. Ушбу босқичлардан ўтиш жараёнида манфаатлар тўқнашувига кўп дуч келинади. Салбий оқибатларга олиб келганлари ҳам бор.
Биз, биринчи навбатда, мана шу тўрт бўғинни бир-биридан ажратишга ҳаракат қилдик. Лойиҳани қабул қилиш тўла рақамлаштирилган ва олим билан тўғридан тўғри контакт бўлмайди. Иккинчидан, илмий экспертиза ва техник экспертиза ҳам бир-биридан ажратилди.
Илмий экспертиза илмий кенгашларга олиб берилди. Техник экспертиза эса вазирлик ихтиёрида қолди, улар ҳам кейинги жараёнларга таъсир қила олмайди, техник экспертизадан ўтган ишлар илмий экспертизага юборилади. Бунда вазирликнинг бирор ходими аралаша олмайди. Сўнгги босқичда эса, вазирлик ҳайъатида лойиҳалар молиялаштиришга тавсия этилади ёки рад этилади.
Ҳозирда лойиҳани молиялаштириш 3,5 баробар ошди ҳамда маблағларнинг камида 40 фоизи зарур асбоб-ускуналар, реагент ва материаллар сотиб олишга йўналтирилмоқда.
Авваллари грант маблағи ойлик маош қилиб берилган бўлса, эндиликда олимлар зарур асбоб-ускуналар, реагент сотиб олиши ёки чет эл конференцияларида қатнашиш учун бориши мумкин», дея қўшимча қилди Иброҳим Абдураҳмонов.
Мавзуга оид
10:50 / 04.12.2024
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Ўзбекистонга грант ажратади
17:35 / 16.10.2024
“Бу ерда талабанинг янги билимларни ўзи хоҳлаб ўрганиши биринчи ўринда туради” — Ню-Йорк университетининг ўзбекистонлик талабаси
20:03 / 06.09.2024
“Сувдан ҳам жиддийроқ муаммо – ернинг шўрланиши бўляпти” - қишлоқ хўжалиги вазири
09:00 / 17.08.2024