Президент “Саноат соҳасида нуфузли халқаро брендлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2025 йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелгача Савдо-саноат палатаси қуйидагиларни шакллантиради ва эълон қилади:

● халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар рейтингида биринчи 500 та ўринни эгаллаган машҳур халқаро брендлар рўйхати;
● миллий брендлар рўйхати икки босқичда:
I - Адлия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда 12 та саноат йўналиши бўйича юқори ва ўрта барқарорлик рейтингига эга бўлган рўйхатдан ўтказилган товар белгилари рўйхатини шакллантиради;
II - миллий консалтинг компанияларининг рўйхатга киритилган товар белгилари бўйича тадқиқотлари, ушбу товар белгиларининг оммавий ахборот воситаларида, интернет ва ижтимоий тармоқларда ёритилиши ҳолати, улар ҳақидаги сўровлар сони, аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровлар таҳлили натижалари асосида миллий брендлар рўйхатини шакллантиради ва эълон қилади.

2024 йил учун рейтинг 1 сентябргача эълон қилинади. 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади:

● машҳур халқаро брендлар рўйхатига киритилган бренд эгалари билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузган юқори ва ўрта барқарорлик рейтингига эга тадбиркорлик субъектлари учун:
● халқаро стандартларни жорий этиш, экологик сертификатлаш ва мувофиқлик бўйича сертификатлаш, шунингдек, бренд эгалари корхоналарида, хусусан, уларнинг ишлаб чиқариш майдончаларида рўйхат бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича харажатларни қоплаш;
● машҳур халқаро брендлар остида камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилганда грантлар ажратиш;
● миллий брендлар рўйхатига киритилган бренд эгалари учун қуйидаги харажатларнинг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаш:
● халқаро стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларини жорий этиш, шунингдек, миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) хорижий ваколатли органларда рўйхатдан ўтказиш;
● халқаро савдо майдончаларига (маркетплейсларга) чиқиш, хорижий давлатларда Made in Uzbekistan кўргазма залларида маҳсулотларни жойлаштириш, хорижий савдо уйларини ташкил этишда хоналарни ижарага олиш;
● халқаро кўргазмаларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш, жой ижараси, кўргазма стендларини ташкил этиш ва интернетда реклама маҳсулотларини жойлаштириш;