00:11 / 10.03.2021
13880

«Имтиёзлар фақат ҚҚС тўловчилар учун» — Чорвачиликка оид янги қарор юзасидан тушунтириш берилди

Президент қарори билан, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига субсидиялар ажратиш бошланади. Ушбу субсидиялар қўшимча қиймат солиғи тўловчилар учун амал қилади.

9 март куни АОКАда президентнинг чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлашга доир қарори юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Таъкидланишича, қарордаги энг муҳим имтиёзлар сифатида қуйидагиларни кўриш мумкин:

  • 1 кг тирик вазндаги гўшт учун 2000 сўм, 1 кг сут учун 200 сўм;
  • 1 кг парранда гўшти учун 800 сўм ва 1 дона тухумга 50 сўм;
  • интенсив усулда етиштирилган 1 кг совуқ сув балиқлари (форель, лосось ва осётр) учун 3000 сўм ва бошқа турдаги балиқлар учун 1000 сўм миқдорида субсидиялар бериш жорий этилади.

Бундан ташқари, четдан келтириладиган товарларга тўланадиган қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача бўлиб тўлаш ва тўлангандан сўнг 20 кунда тадбиркорга қайтариб бериш бўйича имтиёзлар берилади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг 4 та тумани – Касби, Нишон, Миришкор ва Косон чорвачилик соҳасига ихтисослаштирилади ва йирик чорва комплекслари қурилади.

Қарор билан тасдиқланган рўйхат бўйича четдан келтириладиган товарлар учун ҚҚС тўлашни 180 кунгача узайтириш ва тўлангандан сўнг 20 кунда тадбиркорларга қоплаб бериш механизмини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.

Тадбирда Kun.uz мухбири: «90 фоиздан ортиқ чорва ҳайвонлари аҳоли хонадонларида етиштирилади. Қарор чорва етиштирувчи аҳоли вакилларига ҳам қандайдир имтиёзлар беришни кўзда тутадими?» мазмунидаги савол билан мурожаат қилди.

«Ўзбекчорванасл» агентлиги бошқарма бошлиғи Матёқуб Матёқубовга кўра, қарор ва ундаги имтиёзлар фақат ҚҚС тўловчилар учун амал қилади.

«Қарорда имтиёзлар қўшимча қиймат солиғини тўловчи ҳар бир шахсга деб белгиланган. Қарор фермер хўжаликларига ва қисман аҳолига ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Масалан, шахс деҳқон хўжалиги бўлиб, қўшимча қиймат солиғи тўлаб турса, унга албатта субсидия қайтариб берилади. ҚҚС тўламайдиган бўлса, тўлаб берилмайди», – деди агентлик вакили.

Top