Жаҳон | 08:11 / 11.03.2021
2624
2 дақиқада ўқилади

Токио Олимпиадасини хорижлик мухлисларсиз ўтказиш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган - Бах 

Фото: Reuters

ХОҚ президенти Томас Бах Токио Олимпиадасини хорижлик мухлисларсиз ўтказиш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаганини маълум қилди. 

9 март куни Япониянинг “Киодо” ахборот агентлиги Япония ҳукумати хорижлик мухлисларни Олимпиадага чақирмоқчи эмаслигини маълум қилган. Айни вақтда Японияда вируснинг британча штамми сабабли барча давлатлар фуқароларига янги визалар беришга тақиқлов амал қилмоқда. Ушбу тақиқлов 2020 йил 28 декабрдан кучга кирган. Дастлаб тақиқлов январ охиригача амал қилиши керак эди, кейинроқ уни 21 мартгача узайтиришга қарор қилинган. Бироқ маҳаллий ОАВда фавқулодда вазият режими тўлиқ олингандан кейин ҳам ҳукумат қандайдир муддат давомида хорижликларга янги визалар беришга тақиқловни сақлаб турмоқчи экани маълум қилинган. 

“Биз бу масалада Япония ҳукумати, Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси билан маслаҳатлашиб турибмиз. Биз хорижлик мухлислар бўйича қарорни иложи борича тезроқ қабул қилмоқчимиз, чунки бу бир қатор бошқа масалалар, жумладан чипталар дастури билан боғланган”, деб айтган Бах. 

У бу масала Олимпиада хавфсизлиги, стадионлар тўлиши масаласи эканини қўшимча қилган. “Ҳозирча биз эшикни очиқ қолдирамиз ва вазиятга қараб ҳаракат қиламиз. Кўрайлик-чи, май ва июнда нима юз бераркин”, деб айтган ХОҚ президенти.

Томас Бах 10 март куни ХОҚга яна 4 йиллик муддатга президент этиб қайта сайланди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид