Ўзбекистон | 14:36 / 12.03.2021
20449
3 дақиқада ўқилади

ИИВ 48,5 млрд сўмга 50та автозак ва бошқа махсус транспортларни сотиб олмоқда

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 2021 йил бошидан буён 50та автозак, 16та бортли автофургон, 30та автобус ва 51та Damas-2 автомобилини сотиб олишга улгурди. Бу машиналар 48,5 млрд сўмга тушди.

Жумладан, 2021 йил 5 март куни ИИВ ва «Kran va Maxsus Texnikalar» МЧЖ ўртасида имзоланган шартномада 2021 йил ИИВ томонидан махсус контингент (гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳкум)ларни ташишга мўлжалланган 50та автозак хариди салкам 24 млрд сўмга баҳоланган. Бунда ҳар бир автозак ўртача 479 млн сўмдан тўғри келмоқда. Шартномада автозакларни 2021 йил 1 августигача етказиб бериш белгиланган.

Шунингдек, 2021 йил 15 феврал кунги шартнома «UzAuto Trailer» билан имзоланган бўлиб, унда «КАМАЗ 4326−1053−15» русумли бортли автофургон етказиб бериш назарда тутилган. 16та автофургон ҳар бири 610 млн сўмдан жами 9,7 млрд сўмга баҳоланмоқда. Ушбу шартномада ҳам транспорт воситаларини 1 августгача етказиб бериш белгиланган.

Навбатдаги шартнома 2021 йил 25 феврал куни «Grand Motors» МЧЖ билан имзоланган бўлиб, шартномада 30та «SAZ NP 26» русумидаги оқ рангли автобуснинг ҳар бирини 368 млн сўмдан жами 11 млрд сўмга 180 календар куни (6 ой) ичида етказиб бериш назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2021 йил 26 феврал куни тузилган шартномага биноан кинология учун мўлжалланган 51та «Damas-2 D84» русумли автомобилнинг ҳар бирини 73,5 млн сўмдан жами 3,7 млрд сўмга етказиб бериш назарда тутилган. Шартномада «Avtotexxizmat» МЧЖ дилер сифатида кўрсатилган бўлиб, у «Дамас»ларни 2021 йил 30 апрелгача муддатда етказиб бериш мажбуриятини олган.

Kun.uz мухбири ушбу масала юзасидан ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовдан изоҳ сўради.

Ғиёсов ушбу харидлар тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлади ва шартномалар ички ишлар органларининг моддий-техник таъминотини такомиллаштириш мақсадида хукумат томонидан ишлаб чиқилган режа-топшириқлар асосида тузилганини айтди.

«Барча харажатлар қонунчиликда ўрнатилган тартибда, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган вазифаларини бажаришга қаратилган. Харидлар ҳажми пандемия туфайли кечиккан харидларни ҳам амалга ошириш зарурияти сабабли кўпайиб кетган. Бу харидларни бирор-бир сиёсий жараён билан боғлаш ноўрин», дейди ИИВ Ахборот хизмати раҳбари.

Мавзуга оид