20:13 / 12.03.2021
7267

Хитой янги авлоддаги ракетасини фазога муваффақиятли учирди  

Фото: spacechina.com

Хитой 12 март куни янги авлоддаги ракетаси Chang-7A’ни (Чанчжэн-7A) фазога учирди. Ракета Хайнан оролидаги Вэнчан космодромидан учирилган. Ушбу парвоз ракетани 2020 йил мартида фазога чиқаришда юз берган муваффақиятсизликдан кейин унинг биринчи парвози бўлди.

У орбитага Shiyan-9 сунъий йўлдошини етказган.  

Ракета Хитой фазога юкларни етказишда фойдаланадиган Chang-7 ракетасининг модификацияси ҳисобланади. 

60 метрлик уч поғонали Chang-7A орбитага 5,5-7 тонна юк етказа олади. 

2020 йил 17 март куни Chang-7A фазога Хитойнинг ҳарбий сунъий йўлдошини олиб чиқа олмаганди. Ракетанинг биринчи поғонаси ажралгач, унинг двигатели ишида носозлик юз берган ва сунъий йўлдош йўқотилган. Конструкторлар йўл қўйилган хатоликларни ҳисобга олиб, бугунги кунда ракетанинг ишончли эканини исботлай олишди.  

Янги ракета Хитойнинг келгуси фазовий парвозларида муҳим аҳамият касб этади. 2025 йилгача ушбу ракетанинг йилига 3-5та парвозини амалга ошириш кутилмоқда. Ракета фазовий қурилмаларни баланд геостационар орбиталарга олиб чиқишда қўлланади. 

Top