Жаҳон | 00:03 / 13.03.2021
11335
2 дақиқада ўқилади

Эрон юк кемаси Ўрта ер денгизида ҳужумга учради

Эроннинг Islamic Republic Container Transportation Company компаниясига қарашли “Shahr-e Kord” юк кемаси Ўрта ер денгизида ҳужумга учради. Бунинг оқибатида унга зарар етган, деб хабар берди Mehr ахборот агентлиги.   

Фото: Wikipedia

Компания вакили Али Гасённинг маълум қилишича, кема 10 март куни Эрондан Европага йўналаётганда террорчилик ҳужумига учраган. “Хавфли объект” таъсири оқибатида кемада ёнғин чиққан, бироқ у кема жамоаси томонидан ўчирилган. Воқеа оқибатида ҳеч кимга зарар етмаган. Таъкидланишича, кемага етказилган зарар баҳолангач ва у таъмирлангач, йўлини давом эттиради.  

Гасён Эрон ҳукумати ҳужум учун жавобгарларни аниқлаш учун халқаро истанциялар орқали тегишли ҳаракатларни амалга оширишини қўшимча қилган. 

Аввалроқ The Wall Street Journal нашри АҚШ ва Яқин Шарқдаги манбаларига таяниб, Исроил 2019 йил охиридан буён Эроннинг Сурияга қурол ёки нефт етказувчи 10тага яқин танкерига ҳужум қилганини маълум қилган. Ҳужумга учраган кемалардан бирортаси чўкиб кетмаган, бироқ улардан камида иккитаси ҳужумдан кейин Эронга қайтишга мажбур бўлган ва бу нефт етказишдаги узилишларга олиб келган. 

Исроил бош вазири девонхонаси WSJ журналистларига ушбу ҳужумлар бўйича изоҳ олиш учун ЦАХАЛга (Исроил армияси) мурожаат қилишни тавсия қилган, бироқ исроиллик ҳарбийлар изоҳ беришдан бош тортишган. Эрон расмий шахслари ҳам журналистларга ушбу маълумотлар бўйича изоҳ беришмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид