Жаҳон | 23:25 / 16.03.2021
7292
2 дақиқада ўқилади

Бир неча германиялик депутат Бокудан пора олганликда гумон қилинмоқда 

Германия бундестагида бир неча немис депутати Озарбойжон манфаатларини қўллаб-қувватлаш учун Бокудан пора олганлиги аниқлангандан кейин йирик можаро юз берди.  

Фото: АР

Deutsche Welle нашрининг хабар беришича, Германиянинг ҳукмрон Христиан-демократик иттифоқининг (ХДИ) бир неча сиёсатчиси ушбу коррупциявий можарога аралашган.   

Жумладан, март бошида ХДИ аъзоси Аксел Фишернинг офиси ва уйида тинтув ўтказилган. У Европа кенгашининг Парламент ассамблеясида ишлаган вақтида Озарбойжондан пул олишда гумон қилинмоқда. Фишернинг партиядоши Марк Хауптман эса ўзининг Südthüringen Kurier газетасида Озарбойжонга турлар ва Озарбойжонда ишлаб чиқарилувчи анор шарбати рекламасини жойлаштириш орқали 16 минг евро ишлаб олишда айбланмоқда. Сиёсатчи бу айбловларни рад этган, бироқ 11 март куни депутатлик мандатидан воз кечишга қарор қилган.

Бундан ташқари, ХДИ вакили Томас Барайсга ҳам Озарбойжон билан боғлиқ айбловлар билдирилган. Тахмин қилинишича, у пандемия бошида тиббий техника ишлаб чиқарувчи Löwenstein Medical немис компаниясига босим ўтказиб, Бокуга устувор равишда ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмаларини етказиб беришга мажбурлашга уринган. 

Немис нашрининг маълумотларига кўра, немис депутатлари Озарбойжон билан бундай алоқаларда аввал ҳам пайқалган. Мисол учун, ХДИ аъзоси Карин Штренц 2014-2015 йилларда Бокудан воситачи фирма орқали 22 минг евро олгани маълум қилинган. У бу пуллар эвазига Европа кенгашининг Парламент ассамблеясида Озарбойжондаги сиёсий маҳкумларни озод қилиш талабига қарши овоз берган.  

Мавзуга оид