Ўзбекистон | 10:53 / 16.03.2021
3856
3 дақиқада ўқилади

Лицейларга иккинчи босқич кириш тест синовлари ДТМ томонидан махсус ҳудудларда ўтказилади

Фото: iStock

Вазирлар Маҳкамасининг “Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартибини такомиллаштириш ҳамда ўрта махсус таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг давлат намунасини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа бўйича 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, академик лицейларга ўқувчиларни танлаб олиш қуйидаги босқичларда:

танловлар, мусобақалар ва ички олимпиадалар ўтказиш орқали селекция ишларини амалга ошириш;

ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш бўйича саралаш имтиҳонлари тест синовлари билан биргаликда, дастлабки ёзма имтиҳон асосида иқтидорли ёшларни саралаб олиш икки босқичли тизимида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

2022 йилдан бошлаб барча академик лицейларга иккинчи босқич кириш тест синовлари Давлат тест маркази томонидан махсус ҳудудларда ўтказилади.

Шунингдек, академик лицей ўқувчилари:

а) доимий яшаш учун бошқа ҳудудга ёки мамлакатга чиқиб кетганда;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;

суд қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;

вафот этгани сабабли ўқув йили давомида;

б) ўқиши бошқа академик лицейга кўчирилиши муносабати билан;

ўқувчи, унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар ташаббусига кўра ўз аризасига мувофиқ;

ўқувчи томонидан ўқув дастури ва ўқув режаси талаблари бажарилмаганда (семестр якуни бўйича икки ёки ундан ортиқ фанни “қониқарсиз” баҳога ўзлаштирган, 72 соат сабабсиз дарс машғулотларини қолдирган) ёки тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузганда ўқув семестри тамом бўлганидан сўнг ўқишдан четлатилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари қарор лойиҳасида ўрта махсус таълим тўғрисидаги ҳужжатлар давлат намунаси, тавсифи, тартиби белгилаб қўйилди.

Қарор лойиҳаси билан умумий ўрта мактаб 9-синф битирувчиларини академик лицейларга ўқишга қабул қилиш тартиби такомиллашади, имтиҳон тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид