Ўзбекистон | 08:53 / 16.03.2021
3371
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда жорий йил учун 11,3 трлн сўмлик 1 125та ҳудудий лойиҳа шакллантирилган

Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қашқадарё вилоятида ҳамда электр энергияси тармоғида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йил учун умумий қиймати 11 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 125та ҳудудий лойиҳа шакллантирилган. Хусусан, саноат соҳасида 296та, хизмат кўрсатишда 449та, қишлоқ хўжалиги тармоғида 380та корхона ташкил этилиши режалаштирилган. Бунда иқтисодий самарадорлик ва бандликка алоҳида эътибор қаратилган. Бўлғуси корхоналарда йилига 6 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Бу 131 миллион долларлик импорт ўрнини босиш, 180 миллион долларлик экспорт қилиш имконини беради. 19 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.

Масалан, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 26та лойиҳа таклифи билдирилган. Шундан 10таси тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган. Буларнинг натижасида пахта хомашёсини вилоятнинг ўзида қайта ишлаш даражасига сезиларли ошади. Биргина шу тармоқда 7 минг 600 дан зиёд иш ўрни ташкил этилади.

Қашқадарёда йилига 106 минг тонна гипсокартон, 102 минг квадрат метр кафель ва бошқа қурилиш материалларига талаб бор. Лекин, керакли хомашё бўлишига қарамай, вилоятда бу маҳсулотлар умуман ишлаб чиқарилмас эди. Шу боис бу соҳада бир нечта лойиҳа режалаштирилган.

Мисол учун, Чироқчи туманида 210 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига гипсокартон, пардозбоп тошлар, газобетон, темир-бетон конструкциялар ишлаб чиқариш мўлжалланган. Бунинг натижасида уй-жойлар қурилишида 1 квадрат метр таннархини 25 фоизгача қисқартириш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, Чироқчи туманида кафель ишлаб чиқариш, Шаҳрисабз шаҳрида гранит ва мармарни қайта ишлаш бўйича лойиҳалар ҳам бор.

Қашқадарёнинг тоғли туманлари мева-сабзавот, узум, картошка, коврак каби бозорбоп маҳсулотлар етиштиришга, дашт ҳудудлар чорвачиликка ихтисослаштирилган. Жумладан, Нишон туманида чорва комплекси ташкил этиб, сутни қайта ишлаш бўйича 110 миллиард сўмлик лойиҳага киришилган. Бу мажмуада 614 бош наслли қорамол боқилиб, йилига 5 минг 760 тонна сут маҳсулотлари тайёрланади. 230 нафар қишлоқ аҳолиси ишли бўлади.

Шаҳрисабз туманининг тоғолди қишлоқларида картошка ва сабзавотлар етиштириш лойиҳалари ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан муҳим. Бунинг учун аҳолига ер ажратиб берилиб, маҳсулотлар кооперация асосида сотиб олинади. Ҳисоб-китобларга кўра, шу ҳудуднинг ўзидан вилоятда картошкага бўлган талабнинг 34 фоизини таъминлаш мумкин. Бу ишларга 6 минг 500дан зиёд аҳолини жалб этиб, уларга даромад манбайи яратиш мақсад қилинган.

Давлат раҳбари лойиҳаларни бир-бирига яқин, ихчам жойлаштириб, коммуникация харажатларини камайтириш, ҳудудий корхоналарни йирик саноат тармоқлари билан боғлаш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳар бир лойиҳа замирида аҳолини иш билан таъминлаш масаласи ётгани учун уларга маблағларни тезроқ ажратиш зарурлигини таъкидлади.

Тақдимотда жорий йилда электр энергетикаси соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Бу йил магистрал электр тармоқлари бўйича умумий қиймати 140 миллион доллар бўлган 6та лойиҳа режалаштирилган. Улардан бири 14та нимстанцияни модернизация қилиш лойиҳасидир. Бунинг самарасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 1 минг 430 МВт қўшимча қувват яратилади. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу подстанциялардаги йиллик электр энергияси исрофи 1,5 миллион долларга, таъмирлашга сарфланадиган харажатлар қарийб 16 миллион долларга камаяди. Ҳисобга олиш тизимидаги хатоликлар барҳам топади.

Қолган 5та лойиҳа янги нимстанциялар ва магистрал электр узатиш тармоқларини қуриш ҳамда тиклашга қаратилган. Паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар белгиланган. Хусусан, 15 минг километр электр узатиш тармоқларини, 4 мингта трансформаторни янгилаш чоралари кўрилган. Бу ишлар натижасида 5 минг 377та маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади.

Президент бу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, уларни сифатли бажариш, электр энергияси таъминоти барқарорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид