22:49 / 16.03.2021
13927

«Судьяларнинг ойлигини очиқлаш шарт эмас, деб ҳисоблаймиз» — Олий суд

Ўзбекистонда судьялар молиявий жиҳатдан «етарли даражада» таъминланган, лекин уларнинг айнан қанча ойлик олишларини айтиш шарт эмас. Олий судда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шундай дейишди.

Ўзбекистон Олий суди 16 март куни матбуот анжумани ўтказди. Унда қатнашган Kun.uz мухбирининг судьялар ойлик маоши ҳақидаги саволига аниқ жавоб берилмади.

«Ўзбекистон суд тизимидаги судьялар сони 1300 нафардан ортиқ. Бунга жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларнинг барча судьялари киради.

Ойлик иш ҳақларига келадиган бўлсак, бу маълумотлар сир эмас. Битта судьянинг оиласини боқишга етадиган ойлик берилади. Буни очиқлашни шарт эмас, деб ҳисоблаймиз. Эртага бу нарса яна бошқа танқидий муҳокамаларни келтириб чиқаришининг олдини олиш нуқтайи назаридан.

Масалан, «шунча ойлик оларкан, шунинг учун ҳам коррупцияга йўл қўяди» ёки «бунча ойлик оларкан, лекин коррупция…» каби танқидий фикрлар келиб чиқишининг олдини олиш нуқтайи назаридан, бу нарсани очиқламаслик тарафдоримиз,» – деди Олий суд судьяси Абдувоҳид Қосимов.

Абдувоҳид Қосимов

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ҳам судьялар ва суд ходимлари давлат томонидан «етарли даражада молиявий таъминлагани»ни айтиб, жавобни қисқа қилди.

Азиз Обидов
Top