21:32 / 16.03.2021
9126

Тимур Ишметов: 2021 йилда ташқи қарз олиш лимити 5 миллиард доллар

Ўтган давр мобайнида жалб қилинган хорижий қарз маблағларининг энг катта қисми, яъни 14,6 фоизи электр энергияси саноатига, 12,4 фоизи энергетика соҳасига сарфланган. Жорий йил учун белгиланган ташқи қарз олиш лимити 5 миллиард долларни ташкил этади.

16 март куни «Ўзбекистоннинг ташқи қарзи» мавзусида очиқ мулоқот шаклидаги матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда ташқи қарз маблағларидан фойдаланиш бўйича маълумот берилди.

Молия вазири Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, кредит шартномаларининг ҳажми йил сайин камайиб боради.

«2019 йилда қарийб 9 миллиард доллар жалб қилинган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 5,3 миллиард долларни ташкил этган. Жорий йил учун лимит 5 миллиард доллар қилиб белгиланган», дея Тимур Ишметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг маълум қилишича, Тўрақўрғон ИЭСни қуриш учун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан 1,95 миллиард доллар, Талимаржон ИЭСни умумий қуввати 900 МВт бўлган қўшма циклли электр станциялари билан кенгайтириш учун ОТБдан 1,32 миллиард доллар, Навоий ИЭСда учинчи комбинацияланган цикл станциясининг қурилиши учун 650 миллион доллар миқдорида қарз ва кредит маблағлари жалб қилинган.

Маълумот учун, 2020 йил якунлари бўйича жалб қилинган ташқи қарз маблағлари кесимида электр энергияси саноатига 14,6 фоиз ёки 3,1 миллиард доллар, энергетика соҳасига – 12,4 фоиз ёки 2,6 миллиард доллар пул сарфланган.

Сув таъминоти соҳасига 6та халқаро молия институтлари томонидан маблағлар жалб қилинган. «Қашқадарё вилоятида 176,6 км узунликдаги қурилиш ва 110,2 км сув таъминоти тармоқларини реконструкция қилиш, шунингдек, 4 та сув тақсимлаш иншоотларини реконструкция қилиш учун 51 миллион доллар маблағ ажратилади», деди «Ўзсувтаминот» АЖ Бошқаруви раиси Соҳиб Сайфназаров.

Бундан ташқари, Транспорт ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун 2,4 миллиард доллар ташқи қарз маблағлари сарфланган.

Тадбирда таъкидланишича, Ўзбекистон ташқи қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашув ва хатарларни бошқариш принципларига амал қилади.

S&P Global Ratings халқаро кредит рейтинг агентлигининг Ўзбекистоннинг узоқ ва қисқа муддатли суверен кредит рейтинги бўйича охирги ҳисоботида республиканинг суверен кредит рейтинги «ББ-» (рейтинг прогнози: «салбий») даражасида сақланиб қолинган. Мамлакат рейтинг кутилмасини яхшилаш учун давлат қарзини макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш ҳамда ташқи қарз ўсишини қатъий назорат қилиш талаб этилади.

Top