Иқтисодиёт | 16:37
379
3 дақиқада ўқилади

Тимур Ишметов: 2027 йилда 5 фоизлик инфляция мақсадига эришиш йўлида жиддий хатарлар кўрмаяпмиз

Марказий банк раисининг сўзларига кўра, иқтисодиётда ялпи талабнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори даражада сақланиб қолиши, шунингдек, фискал харажатларнинг режалаштирилган кўрсаткичлардан ошиши – инфляцияга таъсир қилувчи асосий ички омилларни ташкил этади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Ўзбекистон Марказий банки 2027 йилда 5 фоизлик инфляция мақсадига эришишда жиддий хатарларни кўрмаяпти. Бу ҳақда МБ раиси Тимур Ишметов 13 июн куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилди.

Ялпи мажлисда Марказий банкнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот эшитилди. Ишметов сенатор Икромхон Нажмиддиновнинг саволига жавобан инфляцияни мақсадли даражага тушириш муддатлари сўнгги йилларда бир неча бор қайта кўриб чиқилганини тан олди.

Тимур Ишметовнинг айтишича, инфляция динамикасига ички ва ташқи омиллар таъсир кўрсатади. Марказий банк прогнозлари мавжуд макроиқтисодий шароитлар асосида шакллантирилади, бироқ вазият ўзгарса, улар ҳам янгиланади.

Марказий банк раиси инфляцияга таъсир қилган омиллардан бири сифатида 2024 йилдан бошлаб амалга оширилаётган энергия тарифларини босқичма-босқич либераллаштириш жараёнини тилга олди. У, шунингдек, инфляцияни юқори даражада ушлаб турган яна икки асосий ички омилни айтиб ўтди.

“Инфляцияга таъсир қилувчи асосий ички омиллар иқтисодиётда ялпи талабнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори даражада сақланиб қолиши, шунингдек, фискал харажатларнинг режалаштирилган кўрсаткичлардан ошишидир. Шу билан бирга, ташқи хатарлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди”, – деди Ишметов.

Марказий банк маълумотларига кўра, асосий ички хатарлардан бири – аҳоли даромадлари ва пул массасининг ўсиш суръатлари товарлар ишлаб чиқариши ва таклифининг ўсишидан юқори бўлиб қолаётганидир. Бундан ташқари, бюджет харажатларининг режалаштирилганидан кўпроқ оширилиши ҳам қўшимча инфляцион босим келтириб чиқариши мумкин.

Ташқи омиллар эса геосиёсий кескинлик, жаҳон бозорларида озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг ошиши, шунингдек, логистика харажатларининг кўпайиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, Марказий банк раиси ҳозирги прогнозларда барча асосий хатарлар инобатга олинганини таъкидлади.

“Бизнинг ҳозирги прогнозимизда барча хатарлар ҳисобга олинган. Агар улар кутилганидан кескин фарқ қилса, бу натижаларга таъсир қилиши мумкин. Шунга қарамай, келгуси йил прогнозида 5 фоизлик кўрсаткичга эришишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган жиддий хавфларни кўрмаяпмиз”, – деди у.

2026 йил май ойида йиллик инфляция 5,5 фоизгача секинлашди. Бу – энергия товарлари нархидаги юқори база таъсири чиқиб кетиши билан боғлиқ: электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўтган йили 1 майдан оширилган бўлса, жорий йилда бу 1 июндан рўй берди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид