Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Асосий ставка таъсирчанлигини ошириш чораларини кўрамиз” – Ишметов
Марказий банк раиси Тимур Ишметов давлат банклари улуши юқорилиги пул-кредит сиёсати трансмиссиясини чеклаётгани ҳақидаги сенатор саволига жавоб бераркан, бунинг учун янги инструментлар киритилаётганини айтди. “2020-2025 йилларда стратегиядаги барча кўрсаткичларга эришилмаган бўлса ҳам, давлат улушини ўша пайтдаги 85 фоиздан бугунга келиб 63 фоизгача туширишга эришдик”, – деди у.
Сенатнинг 13 июн кунги ялпи мажлисида сенатор Содиқжон Турдиев Марказий банк раиси Тимур Ишметовга банк секторида давлат иштирокининг юқорилигича қолаётгани ҳақида савол берди. Турдиевга кўра, давлат иштирокининг юқорилиги бозор механизмлари ва рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Шундан келиб чиқиб, менинг саволим шундан иборатки, давлат банклари улушининг юқорилиги пул-кредит сиёсати трансмиссиясини қанчалик чекламоқда? Марказий банк томонидан ушбу масалани ижобий ҳал этиш бўйича қандай аниқ чора-тадбирлар белгиланяпти?” – дея сўради сенатор.
Ишметовнинг сўзларига кўра, банк секторида давлат улушининг юқорилиги – Марказий банк асосий ставкасининг иқтисодиётга тўлиқ ва тез ўтишига маълум бир даражада таъсир қилиши табиий.
“Айниқса, айрим давлат дастурлари доирасида ажратилган ресурслар. Бозор ставкаларига нисбатан уларга камроқ таъсир бўлади. Умуман, мен маърузада айтиб ўтган Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки томонидан 2024–2025 йилларда ўтказилган молиявий секторни баҳолаш дастури натижаларида ҳам шу масалалар акс этган. Молия секторини биз янада бозор тамойиллари асосида ривожлантиришга ўтишимиз керак”, – деди регулятор раҳбари.
Тимур Ишметов 2020–2025 йилларда банк тизимини ривожлантириш стратегиясида белгиланган мақсадларнинг ҳаммасига эришилмаган бўлса ҳам, лекин давлат улуши ўша пайтдаги 85 фоиздан бугунги пайтга келиб 63 фоизгача туширилганини таъкидлади.
“Учта банк хусусийлаштирилди. Кейинги 2030 йилгача мўлжалланган стратегияда ҳам биз бу ишни давом эттирамиз. Шу билан бирга, давлат банкларини янада трансформация қилишни ошириб борамиз ва пул-кредит сиёсати трансмиссиясини фақат бу давлат банкларининг улушига қараб ўтирмасдан, умуман, ўзимизнинг инструментларимизни [киритамиз]. Мана, ўтган йили ҳам кескин янги инструментлар киритдик. Таъсирчанлигини ошириш учун бу йил ҳам пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириб борамиз ва монетар сиёсат инструментларининг, Марказий банкнинг асосий ставкаси таъсирчанлиги даражасини ошириб боришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширамиз”, – деди у.
Аввалроқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6,5 фоизга, 2027 йилда эса 6 фоизга ўсишини прогноз қилгани маълум қилинганди. Банк ҳисоботида хусусийлаштириш жараёнлари кутилгандан тезроқ кечса, ўсиш суръатлари юқорироқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Мавзуга оид
16:37
Тимур Ишметов: 2027 йилда 5 фоизлик инфляция мақсадига эришиш йўлида жиддий хатарлар кўрмаяпмиз
11:05
Мижозлар билан энг ёмон ишлаётган банклар рўйхати эълон қилиб борилади
09:15 / 13.06.2026
Давлат органи ва банк тизимидаги коррупция ҳолатлари аниқланди
15:50 / 11.06.2026