Фан-техника | 18:31 / 17.03.2021
9098
2 дақиқада ўқилади

Samsung процессорлар тақчиллиги сабабли янги смартфон ишлаб чиқариш режасидан воз кечиши мумкин

Компаниянинг билдиришича, яримўтказгичлар бозоридаги «мувозанатнинг бузилиши» йилнинг иккинчи чорагида қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин.

Фото: Bloomberg

Samsung процессорлар етишмовчилиги сабабли бу йил Galaxy Note туркумидаги смартфонларини янгилаш режасидан воз кечиши мумкин, деб ёзади Bloomberg. Агентликнинг маълумот беришича, бу ҳақда акциядорларнинг йиллик йиғилишида компания бош директорларидан бири Донг Жин Ко айтган.

Компаниянинг билдиришича, яримўтказгичлар бозоридаги «мувозанатнинг бузилиши» йилнинг иккинчи чорагида қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Донг Жин Ко Samsung хорижий ҳамкорлар билан иш олиб бораётгани, аммо «муаммо 100 фоизга ҳал бўлишини олдиндан айтиш қийин»лигини маълум қилган.

Galaxy Note — компаниянинг энг катта фойда келтирадиган смартфонлар туркуми бўлиб, унинг сотувдаги улуши анча катта, чунки у энг қиммат телефонлардан ҳисобланади, дея қайд этади Bloomberg.

Бош директорнинг сўзларига кўра, Galaxy Note 2022 йилда янгиланиши мумкин.

Samsung процессорларни ўзи ишлаб чиқаради ва уларни ишлаб чиқаришда керак бўладиган хомашёга эҳтиёжи бор. Февралда юз берган қор бўронлари ва совуқ сабабли электр энергияси ўчиши оқибатида Техасдаги Samsung фабрикасининг фаолияти бузилди.  

Процессорлар етишмовчилиги ҳақида биринчи бўлиб автомобил ишлаб чиқарувчилар бонг урди. 17 март куни Honda процессорлар етишмовчилиги сабабли АҚШ ва Канададаги заводлари фаолияти вақтинча тўхтатилишини маълум қилди. Toyota, Ford, Fiat Chrysler ҳам худди шу сабаб билан ишлаб чиқаришни қисқартирди.

Мавзуга оид