Жаҳон | 23:28 / 18.03.2021
13626
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта йўловчи самолёт A380 ишлаб чиқарилиши тўхтатилди

Европанинг Airbus авиаконцерни Франциянинг Тулуза шаҳридаги заводида дунёдаги энг катта йўловчи самолёт ҳисобланган Airbus A380’нинг охирги нусхасини йиғди. Ушбу самолёт БААнинг Emirates авиакомпаниясига топширилади.

Фото: Airbus

MSN272 борт рақамига эга бўлган охирги A380 тўлиқ жиҳозланиши учун 17 март куни Тулузадан Ҳамбургдаги корхонага етказилган. 

Компания А380 самолётлари ишлаб чиқарилиши тўхтатилишини 2019 йилдаёқ эълон қилганди. Бундай қарорга А380’нинг энг йирик харидори бўлган Emirates томонидан ушбу лайнерларга буюртмалар қисқариб кетгани сабаб бўлган. БАА авиакомпанияси 39та A380 ўрнига 40та A330neo ва 30та A350 сотиб олишга қарор қилган. Ушбу моделлар камроқ ўринга мўлжалланган, бироқ анча тежамкор ҳисобланади.

“Бу қарор сабабли бизда катта ҳажмда бажарилмаган буюртмалар йўқ ва шу сабабли самолётларни бошқа компанияларга сотиш бўйича барча уринишларга қарамай, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга асос ҳам йўқ. Натижада А380’лар етказилиши 2021 йилда тўхтатилади”, деб айтган компания бош директори Том Эндерс.

Airbus A380 2005 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган, 2007 йилда эса ундан фойдаланиш бошланган. Самолёт узунлиги 73 метрни, баландлиги 24,1 метрни ташкил қилади. Унинг қанотлари қулочи 79,8 метрга тенг. Самолёт уч синфли компоновкада ўз бортига 525 йўловчини, бир синфли компоновкада эса 850дан кўпроқ йўловчини сиғдира олади. Самолёт қўнишсиз 15,2 минг кмгача уча олади.  

Самолётга талаб энг юқори даражада бўлганда компания йилига ундан 30 донадан ишлаб чиқарган, бироқ бу кўп давом этмаган. 2018 йилда уни ишлаб чиқариш ҳажми йилига 12 донагача тушиб кетган. Умумий ҳисобда ушбу самолётдан 251 дона ишлаб чиқарилган.

2020 йил январидаги маълумотларга кўра, тарих давомида ушбу турдаги 58та самолёт иштирокида турли кўнгилсиз ҳодисалар юз берган, бироқ улар оқибатида бирорта одам ҳалок бўлмаган.      

Пандемия сабабли баъзи авиакомпаниялар A380 самолётидан фойдаланишни тўхтатган. Бироқ бир қатор авиакомпаниялар рейслар ва йўловчилар сони қисқарган ҳозирги шароитда ҳам ундан фойдаланишда давом этмоқда.

Мавзуга оид