Ўзбекистон | 14:00 / 19.03.2021
3462
2 дақиқада ўқилади

Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик ўрнатилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, лойиҳа билан нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик ўрнатилмоқда.

Унга кўра, ҳуқуқбузарлик содир этган мансабдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача (1,7 млн сўмдан 2,4 млн сўмгача), агар такроран содир этилса 15 бараваргача (3,6 млн сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин бўлади.

Шунингдек, лойиҳада мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, адлия органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиши ва судга тақдим этилиши назарда тутилмоқда.

Билдирилишича, аввал бу каби ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик ўрнатилмагани сабабли, нодавлат нотижорат ташкилотларни мажбурий равишда ҳомийлик ва бошқа ишларга жалб қилиш, тадбирлар ўтказишга қаршилик қилиш, уларга тегишли бўлган мол-мулкларни олиб қўйиш, шунингдек, қонунчиликни бузган ҳолда уларга оид ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиб олиш ва бошқа кўринишлардаги ҳуқуқбузарликлар содир этилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотларнинг эркин фаолият юритишига янада қулай имкон яратиб, фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар самарали амалга оширилишига хизмат қилиши айтилади.

Мавзуга оид