Ўзбекистон | 09:30
1142
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фемицид ва сталкинг учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фемицид, сталкинг ва киберзўравонлик каби жиноятлар учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш таклиф этилиши мумкин.

Фото: Shutterstock

2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ, барча кўринишдаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш юзасидан уч ой муддатда асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади.

Ҳужжатга кўра, Адлия вазирлиги Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан биргаликда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани ўрганади.

Шу асосда қонунчиликда хотин-қизларни жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), шунингдек, вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ва интернет орқали уларнинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун жавобгарлик белгилаш масаласи кўриб чиқилади.

Шунингдек, фармонга мувофиқ, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги зўравонлик ҳолатларини содир этган шахслар (агрессорлар) билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Бу жараёнда оила ва хотин-қизлар масканлари имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда профилактика чораларини кучайтириш назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид