Ўзбекистон | 11:32
571
2 дақиқада ўқилади

Вояга етмаганлар хавфсизлигига доир янги ҳуқуқий нормалар жорий этилди

Янги қонунга кўра, вояга етмаганларни зўравонлик ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилишга қаратилган жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича қўшимча механизмлар жорий этилди.

Фото: Kun.uz

ЎРҚ–1130-сонли қонун билан Жиноят кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга мувофиқ, вояга етмаган шахс тасвирланган ёки иштирок этгани айбдорга аён бўлган порнографик маҳсулотни тарқатиш мақсадида сақлаш, агар бундай ҳаракатлар учун аввал маъмурий жазо қўлланилган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳолларда айбдорга катта миқдорда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, қонунчиликка вояга етмаган гувоҳнинг қонуний вакили тушунчаси киритилди. Энди гувоҳ вояга етмаган шахс бўлган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонуний вакил ишда иштирок этади.

Қонуний вакил сифатида ота-она, фарзандликка олган шахс, васий ёки ҳомий, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари иштирок этиши мумкин. Уларнинг ишда қатнашиши суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарори, суд томонидан эса ажрим асосида таъминланади.

Бундан ташқари, вояга етмаганлар тасвирланган порнографик маҳсулотларни тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланди.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид