Ўзбекистон | 17:41 / 19.03.2021
57603
2 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков: «Коронавирусга чалиниш кўрсаткичи ортмоқда. Касаллик аниқланганларнинг аксарияти беморлар билан бевосита мулоқотда бўлган»

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш кўрсаткичи ортиб бормоқда. Бу ҳақда 19 март куни АОКАда ўтказилган СOVID-19 билан боғлиқ бугунги вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик мавзусидаги брифингда коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, коронавирусга чалиниш кўрсаткичи мамлакатда секин-аста ортиб бормоқда. Охирги 3 ой давомида касаллик қайд этилиш даражаси ҳар юз минг аҳолига 0,2 кўрсаткичда бўлган бўлса, охирги 3-4 кун мобайнида бу кўрсаткич 0,4 кўтарилди. Касаллик аниқланганларнинг аксарияти беморлар билан бевосита мулоқотда бўлиш орқали касалликни юқтиргани маълум бўлган.

“Ўзбекистонда аҳолини эмлаш жараёни бошланмоқда. Вакцинацияда биринчи бўлиб 65 ёшдан катта ёшдагилар эмланади. Улардан кейин тиббиёт ходимлари эмланади. Соҳа ходимлари бевосита беморлар билан мулоқотда бўлишидан келиб чиққан ҳолда, махсус шифохоналар тиббиёт ходимлари, тез тиббий ёрдам ходимлари, юқумли касалликлар шифохоналари ходимлари эмланади. Эмлаш жараёни худди шундай кетма-кетликда амалга оширилади”, - деди штаб аъзоси.

 “Ҳозирда COVAX дастури доирасида вакциналарнинг муайян қисми етиб келди. Вакциналар билан аҳолини эмлаш учун барча тайёргарликни кўриб қўйганмиз. Маҳаллий ҳудудларда мутахассислардан иборат штаблар ташкил этилган”, - дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, Тошкентда бир кунда 99 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид