Фан-техника | 23:58 / 19.03.2021
19959
2 дақиқада ўқилади

Хитойда Tesla автомобилларида ҳарбий объектлар ҳудудига кириш тақиқланди 

Фото: AP

Хитойда ҳарбий объектлар ва гарнизонлар ҳудудига Tesla автомобилларида кириш тақиқлаб қўйилди. Маълум қилинишича, бу тақиқлов автомобилларга ўрнатилган камералар бирор махфий маълумотни йиғиши ва муайян объектларнинг жойлашувини ошкор қилишидан хавотир сабабли киритилган.   
        
Bloomberg’нинг вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, ҳарбий қўмондонликнинг тегишли буйруғида Tesla автомобиллари эгаларига ўз машиналарини ҳарбий объектлар ҳудудидан ташқарида қолдириш ва улардан иш вақтида фойдаланмаслик тавсия қилинган. 

Tesla автомобилларида ҳайдовчига машинани автотураргоҳга қўйишда ва автопилот режимида юришда ёрдам берувчи бир нечта кичик ўлчамли ташқи камералар мавжуд. Манбаларнинг таъкидлашича, бу камералар Tesla махфий ахборотни йиғиши, Хитой расмий идоралари эса бунинг олдини ололмаслиги ва назорат қила олмаслиги хавотирини туғдиради. 

Таъкидланишича, Хитой ҳукумати бир қатор агентликларига ўз ходимларига иш вақтида Tesla машиналаридан фойдаланмасликни таклиф қилиш ҳақида кўрсатма берган. Шунингдек, Tesla’ларнинг мудофаага алоқадор соҳа ва давлат муассасаларида ишловчи ходимлари яшайдиган турар жой мажмуаларига кириши ҳам тақиқланган. Ходимларга ҳукумат Tesla автомобиллари ўз камералари ва бошқа датчиклари ёрдамида атрофдаги турли ҳодисаларни ёзиб олиши мумкинлигидан хавотирланаётгани маълум қилинган.   

Tesla’нинг Хитойдаги ваколатхонасида Bloomberg’га изоҳ беришдан бош тортишган. Хитой мудофаа вазирлигидан ҳам ҳеч қандай жавоб бўлмаган.

Мавзуга оид