Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Андижон вилояти ҳокимлиги тадбиркорнинг 400 млн сўм харажатини ҳомийлик деб қабул қилишга уринган» — Олий суд судьяси
Президент ташрифи арафасида Андижондаги боғда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ишлаган тадбиркор 400 миллион сўмлик харажат қилган. Пулни тўлашга келганда эса вилоят ҳокимлиги бу харажатларни ташриф арафасидаги ҳомийлик деб ҳисоблашини билдирган, дея маълум қилди Олий суд судьяси Қобилжон Комилов.
Ўзбекистон Олий суди 16 март куни суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва судларда адолатни таъминлаш мавзусида матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Олий суд судьяси Қобилжон Комилов қонунлар ижросини тўлиқ таъминламаётган ҳокимлар ҳақида гапираркан, тадбиркор ва Андижон вилояти ҳокимияти ўртасидаги суд жараёнлари ҳақида тўхталди.
«Амалиётда шунақа нарса келиб чиқади – биз энди барибир ўзбекмиз, балки жамиятимиз шунақадир – баъзи қонунларимизнинг ижроси оқсайди. 2020 йилгача Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низом бўлган. Унда бировнинг мулки қандай ҳолатларда олиб қўйилиши ва унинг пули қандай тўланиши белгиланган. Ўша тартибда бирор кимнинг мулкини бузишдан 6 ой аввал огоҳлантириш бериш керак эди, шундан кейин мулкнинг эгаси ўзига бериладиган компенсация турини танлаши керак эди. Масалан, «Бошқа жойдан ер ёки бино бер» ёки «Мулкимнинг қийматини пул сифатида тўлаб бер» деб айтиши керак бўлган.
Лекин биз нима қиламиз, 3 кундан кейин президент келаркан, шу жойни тозалашимиз керак деймиз-да. Мен ўзим судья бўлгунча ҳокимиятда ишлаганман. Юқоридаги низомда бўлгани каби 6 ой олдин ҳам огоҳлантирмаймиз, компенсация тўлашга имконият ҳам бермаймиз, шартта бузамиз.
Яширадиган жойи йўқ, шунга доир [Олий судда] битта иш кўрдик. Андижонда Бобур боғи бор. У ерга давлат раҳбарининг ташрифи бўлиши керак бўлган. 10 кун аввал ҳаракат бошланган, ура-ура қилиб [ҳокимиятдагилар] битта ташкилотни топишяпти, ўша жойни текислаб, арча экяпти ва ободонлаштириш ишларини бажаряпти. Лекин на ҳокимият ва тадбиркор ўртасида на бир шартнома ва на бир келишув бор, ҳеч нарса йўқ. Кейин тадбиркор иқтисодий судга мурожаат қилиб, бу ишларга 400 миллион сўм харажат қилганини айтяпти. Андижон вилояти ҳокимлиги биз буни давлат раҳбари ташрифи арафасида ҳомийлик ёрдами сифатида қабул қилганмиз, деяпти. Тадбиркор 400 миллион сўмни ўша боғ учун бағишлаб қўймайди-ку.
Бу ишни қуйи судларимиз кўриб чиқиб, рад қилган экан, биз Олий судда кўриб чиқдик ва ҳужжатларни ўрганиб, Андижон вилояти ҳокимлиги департаментидан ушбу суммани ундириб бердик», – деди Олий суд судьяси.

Қобилжон Комилов бошқа давлатларда қаттиқ ҳурмат қилинадиган хусусий мулк ҳуқуқи аслида Ўзбекистон қонунларида ҳам ёзиб қўйилганини, лекин улар таъминланмаётганини айтди.
«Аслида қонунларнинг ижросини таъминлаб, шундан сўнг тадбиркорларнинг мулкини бузиш керак. Интернетда кўрамиз, катта трассаларнинг ўртасида кичик уйлар қолиб кетган, йўл айланиб ўтади, лекин мулк эгаси рози бўлмагани учун унинг уйи бузилмай қолиб кетган. Хитойми, Америками, ҳамма жойда бор бунақа ҳолатлар. Лекин нима учун бизда йўқ?
[Мулк ҳимояси] бизнинг ҳам қонунларимизда бор. Бекорга ҳокимларнинг 3 мингга яқин қарори ноқонуний деб топилдими? Уларнинг ҳаммаси амалдаги қонунлар ва қонун ости ҳужжатларига риоя қилинмаган ҳолатда қабул қилинган ҳокимлик қарорлари эди. Маъмурий судлар ҳам ҳавасга ҳокимликнинг қарорларини бекор қилмайди. Асос бўлади бунга ҳам, бу давлат органининг қарори», – деди Олий суд судьяси Қобилжон Комилов.
Маълумот учун, охирги 2 йилда ҳокимларнинг 3 мингга яқин қарори судлар томонидан ноқонуний деб топилган.