Жаҳон | 13:15 / 21.03.2021
4671
2 дақиқада ўқилади

Туркияда 2 йил ичида марказий банкнинг учинчи раҳбари ўз лавозимидан олинди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған марказий банк инфляцияни ушлаб туриш учун таянч ставкасини 2 фоизга кўтаргач, молиявий ташкилот раҳбари Нажи Ағбални ўз лавозимидан бўшатди. Эрдўған ставканинг оширилишига қарши чиқиб келади.

Эрдўған Ағбал ўрнига унинг позициясини қўллаб-қувватловчи Шаҳоб Кавжиўғлуни тайинлади

Ағбал марказий банк таянч ставкасини 17 фоиздан 19 фоизга кўтаргандан 2 кун ўтиб ўз лавозимидан олинган. У мамлакатда 15,61 фоизга етган инфляция назоратга олинмагунча қатъий пул-кредит сиёсати сақланиб қолишини айтган. 

AP ахборот агентлигининг ёзишича, шу тариқа банк Эрдўғаннинг юқори фоиз ставкалари инфляция келтириб чиқариши борасидаги сиёсатига қарши борган. Таъкидланишича, Туркия президенти ставкани паст даражада сақлаб қолиш учун банкка босим ўтказиб келган.  

Ағбал ўрнини банк иши профессори ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи Yeni Safak нашри шарҳловчиси Шаҳоб Кавжиўғлу эгаллади. Аввалроқ у ўз мақоласида таянч ставкаси оширилишини танқид қилган ва Эрдўғаннинг бу инфляцияга сабаб бўлиши ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлаган. Бу орада дунёдаги аксарият марказий банклар раҳбарлари ва иқтисодчилар аксинча ўйлаб, инфляциянинг юқори суръатларини ушлаб туриш учун таянч ставкаларини ошириш керак, деб ҳисоблайдилар.      

Кавжиўғлу Туркия марказий банкининг 2 йил ичидаги тўртинчи раҳбари бўлади. 2019 йил июлда Эрдўған ушбу лавозимдан Мурод Четинкайни олиб ташлаганди. Ўшанда Туркия раҳбари бу қарорини Четинкай билан учрашувларида унга таянч ставкаларини тушириш лозимлигини айтгани, бироқ у буни қилмагани билан тушунтирганди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид