Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон консули Кореядаги ватандошларни қизиқтираётган саволларга жавоб берди
Тегу шаҳридаги сайёр қабулда қатнашган консул Ҳайдар Файзиев ва Миграция агентлигининг Квангжудаги ваколатхонаси раҳбари Алишер Сулаймонов доимий авиақатновлар қачон тикланиши, авиачипталар нархлари, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш нархи қимматлиги каби саволларга жавоб берди.
Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси 13-14 март кунлари Тэгу шаҳрида ватандошлар учун сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири хабар бермоқда.
Учрашув Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси ҳамда янги ташкил этилган Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбир савол-жавоб шаклида бўлиб ўтди.
Доимий авиақатновлар қачон йўлга қўйилади, деган саволга Ўзбекистоннинг Кореядаги консули Ҳайдар Файзиев қуйидагича жавоб берди:
«Карантин жорий қилинган даврда ҳам Ўзбекистон Республикасига авиақатновлар бутунлай тўхтатилгани йўқ. Чартер рейслар қўйилди, Asiana Airlines ва Uzbekistan Airways авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига 2 марта рейслар амалга оширилмоқда.

Кореядан кетишда муаммолар йўқ. Фақатгина Корея Республикаси ҳукумати томонидан қўйилган талабларга кўра, маълум бир виза эгаларигина Кореяга кириб келмоқда. Биз ўйлаймизки, Кореяда ҳам карантин қоидалари юмшатиладиган бўлса, Корея ҳукумати ҳам бизнинг фуқаролар тўлиқ кириб келишига рухсат беради».
Фуқаролар авиачипта нархлари нима учун кескин қимматлашгани ҳақида ҳам сўрашди.
«Бу савол бизнинг ваколатимизга кирмайди. Лекин қисқача айтиб ўтмоқчиман, агар сиз доим чипталар нархларини кузатиб борган бўлсангиз, ўша чартер рейслар қўйилган пайтларда авиакомпаниялар чипталар нархларини 490 минг вондан бошлаган эди. Бу нарх кейинчалик 590 минг, 690 минг ва ҳоказо бўлиб кўтарилди. Лекин ўша даврда зарарга ишлаш кўпроқ бўлди, рейсларнинг норентабеллиги келиб чиқди. Шунинг учун реал холатдан келиб чиқиб, ҳозирги кундаги нархлар белгиланди.

Биз авиақатновлар сони ва авиакомпаниялар ўртасидаги рақобатнинг кўпайиб бориши билан табиий равишда нархлар пасайишига умид қиламиз», – дея жавоб берди Ҳайдар Файзиев.
Элчихона орқали хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш нархи жуда баландлиги ҳақида ҳам савол берилди. Консулнинг қайд этишича, хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун тўловни элчихона белгиламайди, унинг миқдори юқори турувчи ваколатли давлат органлари томонидан ишлаб чиқилиб, президент қарори билан тасдиқланган.
«Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини Жанубий Кореяда расмийлаштириш нархи 18 ёшдан катта фуқароларимизга 212 минг вон (190 долларга яқин – таҳр.), 18 ёшгача бўлган фуқароларимизга эса 25 минг вон (22 доллар атрофида – таҳр.) этиб белгиланган.

Бу тўловлар сал қимматлигини биз ҳам тушунамиз. Бу масала бўйича элчихона ҳам, Ўзбекистондаги мутасадди ташкилотлар ҳам тегишли ташкилотларга ўз таклифларини киритган. Бу масала анча ижобий ҳал етилиши эҳтимоли кўпроқ», – таъкидлади консул.
Шу ва бошқа савол-жавоблар билан видео орқали танишишингиз мумкин.
Феруза Авазова,
Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири.
Мавзуга оид
13:32 / 14.05.2026
Кореяга ишга юборишдаги йирик схема: Kun.uz бу ҳақда уч йил олдин бонг урган эди
19:26 / 06.05.2026
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хонимига нисбатан ҳукмни оғирлаштирган судья ўлик ҳолда топилди
16:10 / 27.04.2026
Жанубий Корея Ўзбекистонда АТ таълими учун 14 млн доллар грант ажратади
22:00 / 17.04.2026