Жаҳон | 19:50 / 23.03.2021
3150
1 дақиқада ўқилади

Туркий кенгашнинг Қозоғистондаги саммити коронавирус сабабли онлайн форматда ўтади

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида 31 март кунига ўтказилиши режалаштирилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити коронавирус пандемияси сабабли видеоанжуман шаклида ўтказиладиган бўлди.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри / Фото: Tengrinews.kz

“Қозоғистон эпидемиологик вазият сабабли Туркий кенгаш саммитини видеоанжуман шаклида ўтказишга қарор қилди. Кенгаш котибияти бу ҳақда расман хабардор қилинди”, деб маълум қилган Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров.

Аввалроқ саммитда кенгашга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон раҳбарлари ва ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга бўлган Венгрия бош вазири иштирок этиши маълум қилинганди. 

Саммит якунида Туркистон шаҳри турк оламининг маънавий пойтахти деб эълон қилиниши ҳақидаги декларация имзоланиши кутилмоқда.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йил 3 октябрда тузилган. Ҳозирда Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон ушбу кенгаш аъзолари ҳисобланади. Венгрия ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид