Жамият | 19:32 / 24.03.2021
24694
13 дақиқада ўқилади

«Кўпчилик бу ердаги шароитга мослаша олмай қайтиб кетди. Бу Ўзбекистон учун ачинарли ҳолат» — Польша университети тарихига кирган профессор Обид Турсунов билан суҳбат

Техника фанлари доктори Обид Турсунов Kun.uz'нинг «Илм-фан суҳбатлари» рукнига берган интервьюсида жаҳон ва ўзбек илм-фанидаги тенденциялар, турли фанлар чегарасида янги тадқиқотлар қилиш зарурияти, Ўзбекистонда чиқиндини қайта ишлаш билан боғлиқ муаммолар ва «яшил кимё» ҳақида сўзлаб берди.

Обид Турсунов

Обид Турсунов ҳозирда Хитой, Польша университетларида, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида, шунингдек, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида етакчи илмий ходим ва профессор сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Қаерда замонавий илмий-техник база бўлса, шу ерда жаҳон тан оладиган янги натижалар яратилади

Илмнинг ривожланиши илмий-техник базага қаттиқ боғланган, негаки қаерда замонавий илмий-техник база бўлса, шу жойда жаҳон тан оладиган даражада янги натижалар олиш мумкин. Эски аппаратлар билан олинганлари ўтмайди, масалан, халқаро журналда унинг натижалари қабул қилинмайди.

Буни эски ва янги телевизорга ўхшатса бўлади, эслаб кўринг, камида 20–25 йил аввал оқ-қора, бурагичлари синиб, омбур билан бураладиган, антеннаси орқасидан чиқиб кетадиган жуда оғир телевизорларни кўрар эдик. Ҳозир-чи, бутунлай бошқача. Агар ўша соҳада илм ривожланмаганда эски ҳолатича қолиб кетган бўларди.

Илм шунақа ҳодисаки, ҳар ой, йил сайин такомиллашиб боради. Олим мен даража олдим, етукликка эришиб бўлдим дедими, демак, у ўша жойда қотади, эски база билан қолиб кетади.

Илм ривожланиши кўп жиҳатдан молиявий томонга ҳам боғлиқ. Масалан, кўп ватандошлар Ўзбекистонга илм ривожига ҳисса қўшиш учун келди, лекин бу ердаги шароитга мослаша олмай қайтиб кетди. Бу Ўзбекистон учун ачинарли ҳолат. Уларни ҳам тушунса бўлади, чунки ҳеч ким фақат шунчаки яшасам бўлди деб яшамайди-ку, ўзига яраша орзу-мақсадлари, ниятлари бўлади. Бунга эришиш учун эса унга шароит керак, маблағ ҳам ўша айтилган шароитнинг бир қисми десак хато бўлмайди.

Тасаввур қилинг, қайсидир чет давлатда илм қилишга мос қулай шароит, замонавий жиҳозлар, соғлом илмий муҳит бўлса-ю, уни эски жиҳозлар, паст маошли бошқа бир жойга қандайдир ғоялар асосида ишонтириб олиб бориш мумкинми? Йўқ, албатта.

Биз илмни ривожлантиришни хоҳлаяпмизми, илмий техник базани ҳар бир йўналиш бўйича янгилашимиз мақсадга мувофиқ.

Олим учун ҳамма эшик очиқ бўлиши керак

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳам илм-фанга муносабат яхшиланяпти, шароитлар яхши томонга ўзгаряпти. Бир неча хорижий мамлакатлар билан доимий алоқа қилиб тураман ва у жойлардаги илмий жараёнларга Ўзбекистоннинг номини қўшиб келаман. Яъни, олим битта жой билан чегараланиб қолмаслиги керак.

Яқинда илм-фанда энг юқори рейтингга эга ёш олимлар гуруҳи тақдирланди, улар сафида мен ҳам бор эдим. Бу каби ҳодиса Ўзбекистон учун ноёб, кўп ҳам кузатилмайди. Юртимизда илм-фанни рағбатлантириш системаси оқсаб келаётган эди. Энг юқори рейтингга эга ёш олимларни пул мукофоти билан тақдирлаш эса бу борада қилинаётган илк ишлардан ҳисобланади.

Бу нафақат ўша олим ва бошқа ёш олимларга кейинги самарали фаолияти учун мотивация, балки касб танлаш, ўз олдига мақсад қўйиш ёшида бўлган ёшларга ҳам ўзига хос яхши таассурот бағишлайди. Лекин бу билан илмни ривожлантириш тўхтаб қолиши керак эмас. Ҳали қилинадиган ишлар анчагина.

Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, хорижда олим учун, илм учун ҳамма эшик очиқ. Мен билган ва бевосита илмий тажрибалар қилган университетлар лабораторияси ёки кутубхоналарида ҳар куни 24 соатлаб вақтингизни ўтказишингиз мумкин, яъни олимга берилган имконият чегарасиз, у хоҳласа ҳар куни бориб илмий ишини қилиши учун шароит яратилган. Ўзбекистонда эса баъзида дам олиш кунлари университет ҳудудига кира олмаган профессорлар ҳақида ҳам эшитиб турамиз.

Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказига ўхшаган илмий марказлар кўп бўлиши ва олимлар учун шундай жойлар илмий-техник базасидан фойдаланиш учун текин «доступ» берилиши керак.

Таълимда сифатга эътибор пасайди

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистондаги университет ва институтларда талабалар сони сезиларли ўсди, бу ижобий ҳодиса, лекин афсуски, кўп соҳаларда сифат тушиб кетиши кузатилмоқда. Талабалар ва ҳатто магистрларнинг кўпчилигида кейинчалик нима қилиши, келажаги, қайси йўлдан кетиши ҳақида аниқ мақсад, режа йўқ. Ёшларнинг аксарияти ўқишга диплом учун киради ва диплом олсам бўлди, деган хаёлда яшайди. Ўқишга, нимадир ўрганишга жуда кам талаба ҳаракат қилади.

Уларнинг шундай ўйлашига, балки, сифатсиз таълим олиб келиб қўйгандир. ОТМларнинг асосий функцияси жамиятга сифатли ва малакали кадрлар етказиб бериш ҳисобланади. Бугунги кунда талабаларни бундай ғафлатдан уйғотадиган вақт келди. Бунинг учун янгилик, янгича дарс услублари, янги лекциялар зарур.

Тафаккур ва фикрлаш тарзи ўзгариши керак, барча буюк одамлар ҳам оддий оила фарзандлари экани, катта-катта кашфиёт қилганлар ҳам меҳнат, интилиш, сабр орқали шундай ютуқларга эришганини тушунтира олиш муҳим.

Болаларимизни ёшликдан орзу қилишга эмас, мақсад қўйишга ўргатсак келажак учун ишончли пойдевор қўйган бўламиз. Ёшлигимдан нимагадир эришмоқчи бўлсам, уни орзу қилмасдим, балки мақсадга айлантирардим ва шунга интилардим. Ёшликни ўйин-кулги учун эмас, ўқиб-ўрганадиган давр деб ҳисоблаганман. Биз бугун талабаларимизга шуни сингдиролсак, ўйлайманки, ўқиб-ўрганишига, ўз келажагини ёрқинроқ тасаввур этишига ёрдам берган бўламиз.

Энг зўр инвестиция - инсоннинг ўзига қилган инвестицияси

Энг зўр инвестиция - инсоннинг ўзига қилган инвестицияси. Чунки инсон пул ишлаб топар экан, уни ўз келажаги учун тил ўрганиш ёки турли бошқа фойдали курсларга сарф қилади ва келажаги учун инвестиция киритади, мана шу энг яхшиси.

Талабалик давримда интернет кафега ҳафтада бир марта фақат бир мақсадда — хориждаги олийгоҳларга грант қидириш учунгина кирардим, ўшанда ҳам пулим ярим соатга гоҳ етарди, гоҳида етмасди. Ўзим учун электрон почта очиб, ҳар гал келганимда 5–6тагача университетга ҳужжат юборардим.

Ҳисоблаб кўрганимда жами 500дан ортиқ университетга юборган эканман, ҳеч қачон тушкунликка тушмаганман, чунки рад жавоби келганда баъзида хатоларимни кўрсатишган, кейинги гал ўша хатоларни тўғрилаб юборардим.

Польшада ёқлаган илмий ишимни тўртта университет лабораториясида 2 йил давомида қатнаб юриб тайёрлаганман. Натижада, энг ёш ҳимоя қилган тадқиқотчи сифатида университет тарихига кирдим. Ҳозирда Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бир неча магистр ва PhD докторантга илмий раҳбарлик қилиб келаман ва уларни ҳам етук эксперт қилиб чиқариш ниятидаман.

Ўзбекистонда мултидисциплинар кадрлар тайёрланмайди

Юқорида айтганимдек Ўзбекистонда бакалаврни ўқиб юрган кезларимда грант ютиб, ўқишимни Малайзияда давом эттирганман, кейин Польшада илмий даражага эга бўлдим. Ҳозирда Хитой, Польша, университетлари, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам бир неча илмий муассасалар билан ишлаб келяпман. Хусусан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида фаолият юритаман.

Мутахассислигим кўп тармоқли, бир неча соҳанинг интеграция қилинган шакли, яъни мултидисциплинар ҳисобланади. Илмий иш қилиш талабларидан бири - тадқиқотчи ўз ишида янгилик қилиши шарт бўлса, хорижда тор соҳа бўйича қандайдир инновация ёки янгилик қила олиш деярли иложсиз, назариялар кўпи яратиб бўлинган деб қаралади. 

Турли фанлар кесишмасида ўз ғоясини илгари суриб, уни исботлай олган иш қадрли ҳисобланади. Шунинг учун яхши тадқиқотчи олим бўлишни истаган одам бошқа фанларни ҳам ўрганишга мажбур. Дейлик, физика ёки кимёни билишгина етарли эмас, унга ёндош фанларнинг у билан боғлиқлигини топа олиш муҳим.

Кўпчилик кимё деганда фармацевтика, медицина, ўсимлик кимёси, кимёвий ўғитлар ва шу кабиларни тушуниши мумкин. Лекин жаҳон тажрибасида экологик кимё, «яшил кимё» деган соҳалар ҳам бор.

Дунёнинг исталган етакчи университети олимлари резюмесига қарасангиз, уларнинг илмий йўналиши биргина эмаслигини, камида беш-олти йўналишни қамраб олганини кўрасиз. Ўзбекистондаги илмий муассасалар билан илмий ҳамкорликни бошлаганимдан бери шу нарсага кўп эътибор бериб келаманки, бизда мултидисциплинар кадрлар тайёрланмайди.

Кўпинча ҳар соҳада ишламасдан биргина тор соҳада илм қилишга тарғиб қилинади. Бу фикрга умуман қўшилмайман. Масалан, мен илмий ишим бўйича аралашадиган йўналишлар ичида биокимё, биофизика, кимё технологиялари, «яшил кимё» бор ва уларни энергетикага йўналтирган ҳолда ишлайман.

Биомассанинг бир йирик тури бўлган чиқиндини қайта ишлаш ёки ундан керакли маҳсулотлар олиш, иқлим ўзгаришига ва глобал исишга сабаб бўладиган турли хил ишлаб чиқариш корхоналаридан ажралиб чиқаётган карбонат ангидрид (CО2) гази ва учувчан органик бирикмаларнинг экологик тоза конверсияси, умумий қилиб айтганда яшил энергия ҳали бизда ривожланмаган соҳа ҳисобланади. Бу йўналиш эса тор соҳа доирасида амалга ошадиган ишлардан эмас. 

Дейлик, ўзида кўмир, нефт ва табиий газ каби ёқилғини ёқиш жараёнини қамраб олган ёки бўлмаса цемент ишлаб чиқарадиган корхона очдик. Бундай турдаги ишлаб чиқариш жараёнидан биламизки, бу ердан кўпгина заҳарли газлар ажралиб чиқади. «Яшил кимё»нинг вазифаси ана шу газларни фойдали маҳсулотга айлантириш ҳисобланади, масалан, карбонат ангидрид метанол ёки бошқа турдаги суюқ газга айлантирилиб, керакли соҳаларда ишлатилади ва табиатга ҳам зарар етказилмайди. Қарангки, заҳарли газ инсон учун зарур маҳсулотга айланиши мумкин, бу албатта, илм орқали амалга ошади.

Чиқинди таркиби фундаментал тадқиқ қилинмайди

Кундалик турмушимиз давомида турли хилдаги маҳсулотларни ишлатамиз, яроқсиз ҳолга келганда эса уларни чиқинди қутига ташлаймиз. Биз ўзимиз ташлаб юборган ўша чиқинди таркибини, ундан яна қандай мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини биламизми? Аксарият жавоб: йўқ. Балки, унинг ичида қанчалаб керакли маҳсулотлар бордир. Бизда айнан мана шу нарса — ташлаб юборилаётган чиқинди таркиби ва хоссаси чуқур ўрганилмайди, фундаментал тадқиқ қилинмайди.

Агар биз унинг таркибини ва хоссасини чуқур билиб, қандай фойда олишимиз мумкинлигини билганимизда ундан самарали фойдаланган бўлардик. Чиқиндини қайта ишлаш соҳаси ривожланмагани сабаби ҳам шунда кўринади. Биз чиқиндини ёқиб юбориш ёки кўмиш йўллари билан йўқота олмаймиз, ёнганда чиқинди таркибидан қанақа моддалар ажралишини ёки бўлмаса кўмганда тупроққа қандай зарар келтиришини билмаймиз-ку. 

Чиқинди таркибини ўрганиш учун ўша нарсани ушлаб кўриш, чиқинди полигонида ойлаб вақт ўтказиш керак. Мен Малайзияда ўқиганимда мана шу иш билан шуғулландим, ҳатто янги йил байрам куни ҳам чиқинди йиғиш учун полигонга борган эдим. Бугун эса Ўзбекистонда шогирдларим билан шундай тадқиқотларни амалга оширяпмиз.

Анализ кузатувлари полигоннинг қайси бурчагидаги чиқинди қандай босим остида, қандай намликда тургани ва бошқа фундаментал параметрларни кўрсатиб беради. Бу нима учун керак? Юқорида айтдимки, ана шу чиқинди таркиби ва хоссаси чуқур ўрганилгандан сўнггина уларни қай йўл билан, қайси типдаги қайта ишлашга йўналтириш кераклиги англашилади.

Мен шу соҳада озгина кузатувлар олиб бораётган мутахассис сифатида айта оламан, бу борада ҳеч қандай фундаментал тадқиқот қилинмаган. Шогирдим билан биргаликда юртимизда олинган натижаларимизни таққослаб кўриш учун манба қидирганимизда, афсуски, ҳеч нарса топа олмадик. Юртимизда олиб борилган на бирор тадқиқот, на бирор лойиҳа ёки савияли илмий мақолага кўзим тушди. 

Шунингдек, чиқиндига муносабатни аввало ўзимиздан, уйимиздан бошлашимиз лозим. Уй шароитида чиқиндини саралаб, озиқ-овқат чиқиндиларини алоҳида, шиша металларни алоҳида идишларга солиб чиқинди контейнерларига олиб борилса, кейинги конвертация жараёнига жуда катта ҳисса қўшилган бўлади. 

Келажакдаги мақсад

Гапим сўнгида айтмоқчиманки мендан кўп сўрашадики, «Бирор бир мақсад қолдими сизда» деб, менинг жавобим аниқ: юртимизда илм-фан сифатини кўтариш, ўзим туғилиб ўсган ватанда халқаро даражада рақобатлаша оладиган илмий мактабни яратиш ва натижада Ўзбекистон илм-фанини жаҳонга танитиш ва юксалтириш. Ҳозир илм-фан деганимизда кўплаб ривожланган давлатларни эслаб ўтамиз, мақсадим илм-фан деганда бутунжаҳон жамияти, албатта Ўзбекистон номини тилга олишидир. 

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Мавзуга оид