Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Улардан фанга нима фойда?” — ЎзФА президенти дарров илмий даража олаётган мансабдорлар ҳақида
“Ҳозир раҳбар кадр бўлдими, икки йилда PhD бўляпти. Яна икки-уч йил ўтмасдан фан доктори бўляпти... Энди улардан нима фойда фанга?” – дейди Шавкат Аюпов.
Шавкат Аюпов / Jadid.uz видеосидан кадр
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов Jadid.uz'га берган интервюсида юқори лавозимга ўтирган мансабдорлар кўп ўтмай илмий даражали бўлиб қолиши ва “қароқчи” илмий журналлардаги мақолалар сони жиҳатидан Ўзбекистон юқори ўринларда туриши ҳақида гапириб ўтди.
“Фанга эътибор берила бошлагандан кейин, [илм кишиларига] қанча имконият яратилди: мана, фан номзодига 30 фоиз, фан докторига 60 фоиз қўшимча ҳақ тўланади, яна бошқа имтиёзлар бор... Бу бир томондан яхши, олимлар қўллаб-қувватланади, иккинчи томондан, бу ишончни, президентимиз бу бераётган имкониятларини суиистеъмол қилиш авж олиб кетди.
Мен ўзим 1997–2003 йилларда, олти йил давомида Олий аттестация комиссияси раиси бўлганман. Ўшанда бир йилда ҳамма фанлар бўйича умумий тахминан 100-100 та докторлик ҳимояси бўларди, 500–600 та фан номзодлиги учун ҳимоялар бўларди. Лекин кейин, шунақа бўлдики, ўн баробар ошиб кетди. Икки баробар ҳам эмас, ўн баробар.
Мен ўзим ОАК Президиуми аъзоси сифатида кўрдим: кўп [илмий] ишлар жуда юзаки. Юзаки бўлгани ҳам майли, плагиат кўпайиб кетди. Россиядан олиб, таржима қилиб, ҳимоя қилинганларни ҳам кўрдим-да. Шуни мен кўрсатдим, қоида бўйича бунақаларни дипломини бекор қилиш кераклигини айтдим. Шуни қилишмади-да.
Бу масаладан президентимиз хабарлари бор. Шу тизимни ислоҳ қилмаса бўлмайди. Ҳозир раҳбар кадр бўлдими, икки йилда PhD бўляпти. Яна икки-уч йил ўтмасдан фан доктори бўляпти... У раҳбар одам қачон илм қилади? Ўзининг иши [кўп бўлса]... Мен мана бунақа мансабга ўтириб, кўряпман: умуман вақт йўқ, китоб ўқишгаям, бошқагаям. Катта-катта раҳбарлар фан номзоди, фан доктори бўлиб кетяпти. Энди улардан нима фойда фанга?
Натижада Ўзбекистон фанининг обрўси тушиб кетяпти. Интернетларда кўп чиқади: “қалбаки” журналларда чиққан энг кўп мақолалар Ўзбекистондан. Ёки энг кўп сифатсиз мақолалар Ўзбекистондан, деб чиқади. Бу – бизнинг фанимиз учун жуда катта шармандагарчилик-ку”, – деди Шавкат Аюпов.
Олимнинг қўшимча қилишича, сифатсиз илмий ишлар ёки мақолаларнинг аксарияти олий таълим тизимига тўғри келади.
Мавзуга оид
21:12 / 03.04.2026
Ўзбекистон хорижий талабаларни кўпроқ жалб этмоқчи
09:32 / 25.02.2026
Тадбиркорлар ва илм-фан ҳамкорлиги учун махсус электрон платформа яратилади
07:30 / 23.09.2025
ФА президенти Халқаро фанлар академиялари ассоциацияси академиги унвонини олди
08:49 / 11.09.2025