08:28 / 25.03.2021
18399

«Дамас»дан «Дамас»гача бир неча сония: Андижоннинг асосий жамоат транспорти ҳақида

Андижон шаҳрида энг кўп йўловчи ташийдиган транспорт воситаси бу – «Дамас» автомобили. Шаҳар ичида «Дамас»лар қатнайдиган йўналишларни ер усти метроси ҳам дейишади. Сабаби, 222-, 66-, 75-йўналишларда такси кутиб қолмайсиз: деярли ҳар дақиқада навбатдаги «Дамас» етиб келади.

Маълумотларга кўра, вилоят марказида йўловчи ташиш билан шуғулланаётган «Дамас»лар сони 6 мингта атрофида экан.

Шаҳарнинг «Дамас»ларга тўла кўчаларини кезиб, тасвирга олдик. Қизиғи, 222-йўналишдаги ҳайдовчилардан бири аёл киши экан.

«33 йилдан бери ҳайдовчилик билан шуғулланаман. 4 йилдан бери «Сиёвуш голд транс» уюшмасида фаолият кўрсатаман, 22-йўналишда. Одамлар такси ҳайдовчиси эркак киши бўлишига ўрганиб қолишгани учун менинг машинамга чиқишганда ҳайрон қолишади.

Ўзим шу ишни яхши кўрганим учун уюшмага аъзо бўлиб, ўғлим билан бирга кира қиламиз. Йўловчилар ҳеч нолишмаган. Ҳаммаси хурсанд бўлиб, юзида табассум билан тушиб кетишади», – дейди ҳайдовчи Омадхон Отабоева.

Андижон шаҳридаги энг катта – Эски ва Янги шаҳарни боғлаб турувчи Навоий шоҳкўчасида «Дамас» автомобиллари ҳаракатланиши тақиқланган. Сабаби, йўналишдаги таксиларга рухсат берилса, кўчада тирбандликлар юзага келади. Ҳозирда бу йўналишдаги «Дамас»лар чоргузар орқали қатнайди.

Андижонга меҳмон бўлиб келсангиз, такси кутманг. Йўналишдаги «Дамас» манзилингизга ўз вақтида етказиб боради.

Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов

Top