Ўзбекистон | 22:12 / 25.03.2021
67097
6 дақиқада ўқилади

Отабек Сатторий иши. Шеробод ҳокими, унинг ўринбосари ва ИИБнинг собиқ бошлиғи судда кўрсатма берди

Бугун, 25 март куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Отабек Сатторий

Суд мажлисида Шеробод тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов, унинг ўринбосари Умиджон Панжиев, туманда жойлашган бозорда паттачи бўлиб ишловчи Зуҳриддин Тоғаев ва ҳодиса рўй берган пайтда Шеробод туман ИИБ бошлиғи вазифасини бажарган Шерхон Алламуродов гувоҳ сифатида кўрсатма берди.

Шеробод ҳокими Зиёдулла Давлатов ўз кўрсатмаларида Отабек Сатторий билан икки марта учрашгани, илк марта 2020 йил 18 декабрь куни, иккинчисида 28 январь куни кўришганини айтди. У 2020 йил 18 декабрь куни Отабек Сатторий ва унинг ёнидаги шериги ҳокимиятга келиб, телефонини Шеробод бозорида икки нафар йигит тортиб олганини айтгани, шундан сўнг бозорга борганини билдирди.

«Шеробод бозорига борганимиздан кейин, Отабекнинг телефонини тортиб олган йигитларга қайтариб беришини айтдим. Шу пайт бозорнинг бошқа ҳудудида тўполон бўлиб қолди. Ўринбосарим билан бориб, ўзаро тортишиб қолган аравакаш ва сотувчиларни тинчитиб қайтиб келдим. Қайтганимда, йигитлар тортиб олган телефонни Отабек Сатторийга қайтариб беришибди.

Ўша йигитларга кечирим сўранглар дедим, кечирим сўрашди. Икки орада гина-қудрат қолмади. Отабек Сатторий ва унинг шериги бозорда яна бироз видеолавҳа олишди. Сўнг улар кетиш тараддудига тушишди. Шу ерда хайрлашдик. Бошқа гап бўлмади», – деди Зиёдулла Давлатов.

Шеробод тумани ҳокимининг айтишича, у Отабек Сатторий билан 28 январь куни иккинчи марта ҳокимият биносида кўришган. Бу сафар унинг ёнида бошқа йигит бўлган. Улар 2017 йилда уй-жойи «снос»га тушган одамларнинг мурожаати бўйича келганини айтиб, ҳоким ва ўринбосаридан ўша иш бўйича изоҳ сўраган.

Зиёдулла Давлатов Отабек Сатторий икки марта кўришганда ҳам ундан телефон сўрамаганини, Отабек Сатторий билан борган мухбир ҳоким ва унинг ўринбосарига: «Отабекнинг зарар етган телефонини қандай ҳал қиламиз?» деб 2-3 марта сўраганини маълум қилди. Ҳоким ўз ўринбосарига бу ишни суриштириб кўришни айтган.

Зиёдулла Давлатовнинг айтишича, 2020 йил 18 декабрь куни Отабек Сатторий Шеробод бозорида телефонига ва кийимига зарар етказишгани ҳақида унга ҳеч нарса демаган.

Ҳокимнинг кўрсатмалари Отабек Сатторийни қаноатлантирмади ва у ҳоким ёлғон кўрсатма бераётганини айтди.

Отабек Сатторий, Шеробод тумани ҳокими билан иккинчи марта кўришганда ҳоким унга: «15 февраль куни туғилган кунинг бўлса, менга 14 февраль куни қўнғироқ қил, телефон совға қиламан», деб айтганини маълум қилди.

Зиёдулла Давлатов «14 февраль куни қўнғироқ қил» деб айтганини тан олишини, аммо «телефон совға қиламан» деганини инкор этишини билдирди.

Шеробод тумани ҳокими ўринбосари Умиджон Панжиев

Шеробод тумани ҳокимининг ўринбосари Умиджон Панжиев 2020 йил 18 декабрь ва 2021 йил 28 январь кунларида туман ҳокимининг ёнида бўлганини, Отабек Сатторийнинг ўзи телефон сўрамаганини, 28 январда Шерободга келганида унинг ёнидаги шериги Отабекнинг зарар етган телефони масаласини ҳал қилишни сўраганини билдирди.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, у Шеробод бозори директорига «Отабекка телефон олиб бер» деб айтмаган. Аммо Отабек Сатторий уни ҳам ёлғон кўрсатма берганликда айблади.

Суд мажлиси давомида Шеробод туманида жойлашган бозорда паттачи бўлиб ишловчи Зуҳриддин Тоғаев кўрсатма берди. У Отабек Сатторийнинг телефони тортиб олинганда ва қайтариб берилганда ҳодиса жойидан узоқда бўлгани учун тафсилотларни тўлиқ билмаслигини маълум қилди. Паттачининг айтишича, бозор ходимларидан бири унинг бозорда савдо қилаётган опасини видеога туширгани учун Отабек Сатторийнинг телефонини тортиб олган ва видеоларни ўчирган.

Навбатдаги гувоҳ – вилоят ИИБ Жиноят-қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерхон Алламуродов бўлди. Унинг айтишича, 2020 йил ноябрь ойидан 2021 йил 15 январгача вилоят ИИБ бошлиғининг топшириғи билан вақтинча Шеробод туман ИИБ бошлиғи вазифасида ишлаган.

Шерхон Алламуродовнинг маълум қилишича, 2020 йил 18 декабрь куни туш пайтида туман ҳокими унга телефон қилиб, бозорга келишини сўраган. Айтилган жойга етиб борганда, туман ҳокимининг Отабек Сатторий ва унинг шериги билан гаплашиб турганини кўрган. Улар билан сўрашиб, блогерларга бозорда тўсқинлик қилинганини билган.

Шундан сўнг, у Отабек Сатторий ва унинг шериги билан гаплашиб, кейинги сафар Шерободга келадиган бўлса, ўзига қўнғироқ қилишларини, унга қаршилик қилган бозор ходимлари билан тушунтириш ишларини олиб боришини айтган ва телефон рақамини берган.

Орадан 15 кунча ўтиб, Отабек Сатторий унга қўнғироқ қилиб, бозор ходимларига чора кўрган-кўрмаганини сўраган. У чора кўрганини айтган.

Шерхон Алламуродовга кўра, Отабек Сатторий кийими йиртилгани, телефони тортиб олингани ҳақида бозорда бўлиб турган пайтида айтмаган. Судланувчи бунга жавобан гувоҳ ёлғон гапираётгани, унга ҳужум қилишгани ҳақида ИИБ бошлиғига ўша куни айтганини билдирди.

Навбатдаги суд мажлиси 2 апрелда бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, блогер Отабек Сатторийга Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айб қўйиляпти.

У 8 нафар фуқаронинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитишда, бу орқали моддий манфаат кўриб келганликда, Telegram, Facebook, YouTube орқали туҳмат ва ҳақорат қилиш каби жиноятларда айбланмоқда.

  • Жиноят иши тафсилотлари билан батафсил ушбу ҳаволада танишинг.

Аввалги суд мажлисида Отабек Сатторийнинг ўзи ҳам кўрсатма берганди:

Мавзуга оид