Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Музработнинг жиноятда гумонланган собиқ ҳокими давлат ишига қайтди
2018-2022 йилларда Музработ туманига раҳбарлик қилган Эркин Алимов янги лавозимга тайинланди. 2022 йилда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Собиқ ҳоким 1,7 млрд сўм бўлган 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб беришда ва бошқа жиноятларда айбланган. Ушбу жиноят иши якуни бўйича расмий маълумот берилмаган.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Бугун, 6 июл куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Жовдатхон Инагамов иштирокида йиғилиш ўтказилган. Унда Эркин Жўраевич Алимов уюшманинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлангани эълон қилинган.
Эркин Алимов тайинловга қадар хусусий секторда фаолият юритиб келгани қайд этилган.
Маълумот учун, Эркин Алимов 2018 йил июлидан 2022 йил сентябрга қадар Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими лавозимида ишлаган.
2022 йил ноябрида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.
Собиқ ҳоким Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан айбланганди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида собиқ ҳоким Музработ туманидаги умумий қиймати 1,7 млрд сўм бўлган 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб бергани маълум бўлган.
Шунингдек, тумандаги банклар Эркин Алимовнинг яқин қариндошлари номига 166 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратган бўлиб, уларнинг катта қисми муаммоли кредитга айланган.
«Ҳозир банк муассасалари томонидан ўз вақтида тўловлари амалга оширилмаган 121 млрд 406 млн. сўмлик кредит маблағларини ундириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда», – дейилганди хабарда.
Бундан ташқари, «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖда олиб борилаётган тафтиш давомида собиқ ҳоким иштирокида қиймати 35 млрд сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилингани аниқланган.
Ушбу жиноят иши якуни бўйича расмий маълумотлар берилмаган.
Мавзуга оид
19:20 / 27.06.2026
Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасига раҳбар тайинланди
17:20 / 23.06.2026
Фермерларни ҳақоратлаган Музработ ҳокими ҳайфсан олди
19:55 / 16.06.2026
Музработда фермерлар ҳақоратлангани юзасидан текширув бошланди
18:05 / 16.06.2026