Ўзбекистон | 19:59 / 25.03.2021
27908
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган биринчи йўл қандай кўринишда бўлиши намойиш этилди (фото)

«Тошшаҳартрансхизмат» жамоат транспорти учун алоҳида йўлакни синовдан ўтказмоқчи. Режага кўра, Тошкент халқаро аэропортидан Бобур ва Фурқат кўчалари бўйлаб Бешёғоч майдонига қадар автобуслар учун йўлак ажратилади.

Тошкент шаҳридаги энг тирбанд ва тўрт бўлакдан кўп бўлган йўлларнинг бир қисмида фақат жамоат транспорти ҳаракатланиши йўлга қўйилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳбоз Ғофуров Kun.uz мухбирига маълум қилди.

Мутасаддининг сўзларига кўра, пойтахтдаги тирбандликлар юқори ва бир тарафи тўрт йўл бўлаги (полоса)дан кўп бўлган автомобил йўлларининг бир қисмини жамоат транспорти учун ажратиш бўйича аниқ йўналишлар рўйхати шакллантирилади ва жамоатчилик муҳокамаси асосида Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашига тасдиқлаш учун киритилади. Бошқарма томонидан шундай кўчалар рўйхати ишлаб чиқилган.

Шунингдек, ушбу масала юзасидан жамоатчилик фикрини аниқлаш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали тушунтириш ишлари ва сўровномалар ўтказилди.

«2021 йилнинг 25 январидан 3 февралигача ўтказилган сўровномада 3842 киши иштирок этди. Улардан 68 фоизи жамоат транспорти учун алоҳида йўл бўлаги ташкил этишни маъқуллаган бўлса, 13 фоизи салбий муносабат билдирган, 17 фоизи эса бетараф бўлган», дея Шаҳбоз Ғофуровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали:

  • йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатланиш тезлигини 25 фоизга ошириш;
  • транспорт воситаларининг чорраҳалардан ўтишдаги тўхташлар сонини 3,5 тадан 1тага камайтириш;
  • транспортнинг экологияга зарарини 33 фоизгача камайтириш кўзда тутилган.

 

«Биринчи алоҳида йўлакни синов тариқасида Тошкент халқаро аэропорт бекатидан – Сеул кўчаси кесишмасига қадар йўлга қўйиш режалаштирилган. 8 бўлакли ушбу кўчанинг узунлиги 3,4 километрни ташкил қилади. Бу кўчадаги Нукус ва Шота Руставели кўчалари чорраҳалари энг кўп тирбандлик ҳосил бўлаётган чорраҳалар ҳисобланади. Бу кўчада 18та автобус, 5та йўналишли такси ҳаракатланади», дея маълумот берди бошқарма вакили.

Мавзуга оид