Пойтахтда автобус бекатлари бузилиб, ўрнига янги типдагилари ўрнатилмоқда. Янги бекатлар қишнинг совуқ, ёзнинг жазирама кунларида йўловчиларга нима бера олади? Сояси етмаганидан қуёшдан пана излаб ўзини ҳар ёнга ураётган одамлар бу янгилик ҳақида қандай фикрда? Kun.uz одамларга микрофон тутди.

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш мақсадида бошланган автобус бекатларини модернизация қилиш ишлари давом этмоқда. Пойтахт ҳокимлигига кўра, ҳозирга қадар 1000 дан ортиқ бекат янгиланган.

Жорий йил март ойи бошида Тошкент шаҳар ҳокими барча бекатларни ягона стандарт асосида босқичма-босқич модернизация қилиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, пойтахтдаги жами 2717 та бекатдан 1185 таси янгиланиши, шунингдек, улардаги ноқонуний савдо шохобчалари олиб ташланиши белгиланган.

Лойиҳа Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЕМ) томонидан мувофиқлаштирилиб, давлат-хусусий шериклик механизми асосида амалга оширилмоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, янги бекатлар платформалари текис ва тўсиқсиз бўлиб, имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам мослаштирилади. Шаҳар бўйлаб кунлик йўловчилар оқими ҳозирда 1,4 миллион кишини ташкил этмоқда ва йил якунига қадар бу кўрсаткични 2 миллион кишига етказиш режалаштирилган. Бу эса бекатларнинг сиғими ва қулайлигига бўлган талабни янада оширмоқда.

Расмий маълумотлар ортида қандай амалий ҳолат мавжудлигини аниқлаш мақсадида Kun.uz мухбири бир нечта бекатда бўлиб, йўловчилар фикри билан қизиқди.

Сўровнома давомида респондентларнинг аксарияти янги бекатларнинг "очиқ" ва "юпқа" конструкцияга эга эканидан шикоят қилди. Шунингдек, бекатларнинг қуёш, ёмғир ва бошқа ноқулай об-ҳаво шароитларидан етарли даражада ҳимоя қила олмаслиги асосий муаммолардан бири сифатида қайд этилди. Аксарият йўловчилар бекатлар замонавий дизайнга эга бўлса-да, амалий фойдаланиш нуқтайи назаридан етарлича қулай эмаслигини таъкидладилар. Айниқса, ёз ойларидаги юқори ҳарорат шароитида соябон майдонининг кичиклиги йўловчиларга ноқулайлик туғдираётгани таъкидланди.

«Қуёшли кун, иссиқ кунлари қуёшни қоп кетаётганлигини сабабли, сал кенгайтириш ҳам керак. Навес бўлса яхши, одамларга қулай бўлади-да», — дея изоҳлади йўловчилардан бири.