Спорт | 22:59 / 26.03.2021
20962
5 дақиқада ўқилади

«Анзур Ироққа қарши ўйнамаслиги аниқ». Абрамов жамоадаги энг катта муаммо, Аҳмедовнинг ортиқча вазни ва Шомуродовнинг ҳолати ҳақида

Ўзбекистон – Гана (2:1) ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан кейин миллий жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

Фото: Tribuna.uz

- Аввало, бугунги ажойиб футбол атмосферасини яратган наманганлик футбол мухлисларига миннатдорчилик билдираман. Бундай муҳит фақат футболчилар эмас, барча учун ёқимли ҳолат. Шунга яраша футболчилар ҳам байрамни бузиб қўймасликка интилишди. Ўйин мухлисларга ёққан бўлса, биз бундан хурсандмиз. 

Бу Гананинг бошқа жамоаси эканлиги ҳақидаги гап-сўзларга қарамай, кўрдикки рақиб яхши жамоа экан. Рақиб сафида 18-рақамда Африканинг энг яхши футболчиси ўйнаганини инобатга олсак, бу жамоани мағлуб этиш икки ҳисса ёқимли бўлди.

Азимжон Аҳмедов ва Шаҳзодбек Убайдуллаев ҳақида
- Азимжон Аҳмедов ўз шаҳридаги ўйинда майдонга тушгани ва ишончимизни оқлаганидан хурсандман. Умид қиламанки, у яна бироз вазнини йўқотиб, кейинги ўйинларда ҳам яхши ўйнай олади. 

Шаҳзодбек Убайдуллаев? Унда ҳам имконият бор, албатта. Барча учун миллий жамоа эшиклари очиқ. Суперлигада ҳали 3та тур ўтказилди. Ким яхши ҳолатда бўлса, миллий жамоага ўша чақирилади. 

Элдор Шомуродовнинг жисмоний ҳолати ҳақида
- У узоқ сафар – Италиядан етиб келди. Миллий жамоа ўйинига дарҳол қўшилиб кетиш қийин. Чунки легионерлар учун мослашиш учун вақт керак. Биз уч кун машғулот ўтказган бўлсак-да, жисмоний ҳолатимиздан кўриниб турибдики, бизда чемпионат бошланганига ҳали уч тур бўлди. Шу боис футболчилар турли хил жисмоний ҳолатдалар. Шомуродов фойдалана олмаган вазиятлар ҳақида гапирадиган бўлсам, Элдорнинг жисмоний ҳолати бошқача бўлганида, аминманки у вазиятларни осонлик билан голга айлантира оларди.

Миллий жамоадаги дарвозабонлар муаммоси борасида
- Дарвоза чизиғида бизда аввалдан муаммо бор эди. Биз 1-рақамли посбонни аниқлай олмаяпмиз. Дарвозабон миллий жамоада тажрибага эга бўлиши керак. Бу борада ҳали ҳам вариантларни кўриб чиқяпмиз. Бунгача миллий жамоа дарвозасини қўриқлаган дарвозабонлар ёш жиҳатдан миллий жамоадан узоқлашишди. Мана шундай ўйинлар орқали қўл остимиздаги дарвозабонлардан бирини ўйинлар учун асосий посбон сифатида танлаб оламиз. Футболда дарвозабонларда катта масъулият бўлади. Чунки унинг хатоси дарҳол кўзга ташланади. Майдондаги ўйинчилар икки марта кўпроқ хато қилишса-да, уларники сезилмайди, дарвозабонники эса дарҳол билинади. Шунга қарамай, Илёсов бундай зарбани қайтариши керак эди. Нима ҳам қилардик, шундай бўлиб қолди. Жавоҳир миллий жамоада келажаги бор дарвозабонлардан бири. 

Қайси чизиқлар кўпроқ ташвишлантириши ҳақида
- Бу ҳақда олдин ҳам айтганман – дарвоза ва марказий ҳимоя чизиғи мени кўпроқ ўйлантиради. Бу мендаги асосий муаммо. Бугун ҳам у ерда янги вариантларни синаб кўрдик. Биз бу чизиқларда ҳали ҳам тажриба ўтказиб, ўйинчиларни синовдан ўтказишда давом этамиз.

Ироққа қарши ўйин ҳақида
- Ироққа қарши ўйинда қандай ўзгаришлар қилишим ҳақида дарҳол фикр билдиришим қийин. Футболчиларнинг аҳволи қандай эканлиги эртага маълум бўлади. Шуниси аниқки, Анзур Исмоилов Ироқ миллий жамоасига қарши Тошкентдаги ўйинимизда ўйнамайди. Чунки мен «Пахтакор» бош мураббийига Анзурни фақат битта ўйинда майдонга туширишга ваъда бергандим. У клубининг тажрибали ҳимоячиси, олдинда Чемпионлар лигаси баҳси бор. Тошкентга қайтганимиздан кейин футболчилар ҳолатидан келиб чиқиб, ўзгаришлар қиламиз. Аммо таркибда жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Чунки биз учун жуда муҳим бўлган расмий ўйинларга кўп вақт қолмади, таркибни аниқлаб олиш керак. 

Миллий жамоа ўйинларини Наманганда ўтказиш ҳақида
- Кейинги гуруҳ босқич расмий ўйинларни ҳам Наманганда ўтказайлик? Бунинг иложи йўқ. Ахир, ОФК ЖЧ-2022 саралаши гуруҳ босқич ўйинларимизни Саудия Арабистонида марказлашган ҳолда ўтказиш бўйича аниқ қарорга келган. Акс ҳолда бажонидил Наманганга келиб ўйнаган бўлардик, - дея Вадим Карленовичнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Маълумот учун, миллий жамоамиз навбатдаги ўртоқлик ўйинини 29 март куни Тошкентда Ироққа қарши ўтказади.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид