10:40 / 26.03.2021
2173

Қўқонда қалбаки пул ишлаб чиқарган шахс аниқланди

Жорий йилнинг 14 март куни Қўқон шаҳрида М.Г. исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, унда номаълум шахс У.Носир кўчасида жойлашган савдо дўконига харид учун кириб, умумий нархи 110 000 сўмлик спиртли ичимлик ва бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб, қалбаки усулда тайёрланган 100 АҚШ долларини бериб, 935 000 сўмни қайтим сифатида олиб, ҳодиса жойидан яширинганини маълум қилган.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида айтилишича, ўтказилган судга оид техник-криминалистик экспертиза хулосасига кўра, 1 дона 100 АҚШ доллари қийматидаги купюра қалбаки усулда рангли принтер ёрдамида тайёрлангани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФMБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган терговга қадар текширув давомида 1 дона 100 АҚШ доллари купюрадаги пул Ю.М. томонидан тайёрлангани аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги ҳақида эслатиб ўтган.

Top