Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон пойтахтида коронавирус ҳолатлари ўсиши сабабли реанимация бўлимларида жой қолмади
Нур-Султон 28 февралдан буён коронавирус тарқалиши суръати бўйича "қизил" ҳудудда қолмоқда.
Нур-Султондаги даволаш муассасаларида коронавирус беморлари учун қўшимча жойлар ташкил этилмоқда, реанимация бўлимлари тўлиб бўлди, деб маълум қилди Қозоғистон пойтахти жамоат соғлиғини сақлаш бошқармаси бошлиғи Тимур Муратов.
"Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти негизида инфекцион стационар очишга тўғри келади. Афсуски, касалланиш кескин ўсди. Мавжуд 720та койка етарли бўлмай қолди. Реанимация бўлимлари тўлиб бўлган!", - деб ёзди Муратов ижтимоий тармоқда фойдаланувчилар саволларига жавобан.
У аҳолини санитария-эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.
Қозоғистон пойтахти 28 февралдан буён коронавирус тарқалиши суръати бўйича "қизил" ҳудудда қолмоқда. Шаҳарда охирги суткада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 185та янги ҳолат қайд этилган.