Жамият | 16:39 / 28.03.2021
4222
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда бильярд ўйнаш учун навбат талашиш бир инсон ўлимига сабаб бўлди

Фото: Getty Images

Қашқадарёда икки йигит бильярд ўйнаш учун навбат талашиб қолган. Сўнг, уларнинг бири иккинчисини ўша жойнинг ўзида пичоқлаб ўлдирган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, жорий йил 15 март куни соат 20:00 лар атрофида Чироқчи туман «Пахтаобод» маҳалла фуқаролар йиғини Пахтаобод қишлоғи ҳудудида жойлашган бильярдхонада шу қишлоқда яшовчи Ж. ва қўшни Чимқўрғон қишлоғида яшовчи И. навбат талашиб, ўзаро жанжаллашиб қолган. Иккаласи бильярдхонанинг ўзида бир-бирини обдан ҳақорат қилганидан кейин Ж. уйига кетган.

Уйга кетишда, йўл-йўлакай аччиқ устида рақибининг ҳақоратлари эсига тушган ва уйига бориб, у ердан ошхона пичоғини олиб, яна бильярдхонага қайтиб келган. Сўнг, И.ни ташқарига чақириб чиқади ва унга «Сен нега боя мени онамни сўкдинг?» деб қўлидаги ошхона пичоғини И.нинг чап кўкрагига икки марта санчган.

Пичоқ зарбидан ерга йиқилган И.ни зудлик билан шифохонага олиб боришган. Аммо кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан, у вафот этган.

Таъкидланишича, Ж. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.

Суриштирувлардан маълум бўлишича, бильярдхона эгаси ҳали тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмай, тўлиқ битмаган бинода фаолият кўрсатган. Энди у ҳам ўз қонунбузарлиги учун жавоб беради.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид