Жамият | 21:46 / 29.03.2021
10427
2 дақиқада ўқилади

Пахтачидаги қишлоқ кўпригини сел ювиб кетди. Болалар мактабга бора олмади

28 март куни ёғган кучли ёмғир Самарқанд вилояти Пахтачи тумани, Миркан маҳалласидаги кўприкка жиддий зарар етказди. Оқибатда Миркан қишлоғи болалари 29 март куни мактабга бора олмаган.

Kun.uz мухбирининг воқеа жойидан хабар қилишича, давлат аҳамиятидаги 4К–560 «Болтали – Боғолони – Зиёвуддин» автомобиль йўлининг 12-13-километрлари оралиғидаги зовур кўприги катта талафот кўрган.

Ҳозирда кўприк транспортлар ва пиёдалар қатнови учун ёпиб қўйилган. Бироқ Миркан қишлоғи аҳолиси айланма йўл олислиги сабаб хавфли кўприкдан ўтиб-қайтишга мажбур бўляпти.

«Миркан» МФЙ раиси Мақсуд Қаршиевнинг таъкидлашича, Миркан ва Дарға қишлоқлари орасидаги бу кўприк 1971 йилда қурилган. Эски бўлгани учун кечаги селга дош беролмаган. Ҳозир аҳоли ўтиши учун хавфли бўлиб турибди.

«Бугун мактаб ўқувчиларини ҳам бир кунга дарсдан қолдирдик. Эртага ўқувчилар, ишчилар ва аҳолининг қатновини таъминлаш мақсадида зовур ёқалаб ўтган айланма йўлни таъмирлаб берамиз.

Маҳалламизда 2 та сел йўли бўлиб, бири шу бўлади. Иккинчиси Гулистон ва Тадбиркор маҳаллаларининг чегарадош жойида. У кўпригимиз соз, 2020 йилда қуриб битказилган», – дейди маҳалла раиси.

«Миркан» МФЙ раиси Мақсуд Қаршиев

Пахтачи тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Нурали Эшонқуловга кўра, 30 март куни кўприкдан ўтувчанлик таъминланади.

Шунингдек, талафот кўрган кўприкни 4 ой муддатда қайта қуриш учун смета ҳужжатларини тайёрлаш ишлари бошланган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид