20:01 / 01.04.2021
81312

Базаров нимани кўзлаганди? Унинг одамларни жунбишга келтирган чиқишлари

Ўзбекистонда сўнгги кунларда блогер Миразиз Базаров катта шов-шув кўтарди. Халқаро ташкилотлар танганинг иккинчи томонига ҳам - унинг ҳуқуқлари бузилишидан олдин у бутун мамлакат аҳолисининг ҳис-туйғуларига дахл қилгани ва ўзбек аёлларини ҳақорат қилганига эътибор қаратишадими? Унинг ижтимоий тармоқдаги чиқишлари аҳоли гуруҳлари ўртасида низо қўзғатишга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракат сифатида баҳоланиб, унга қонуний жазо чораси кўриладими?

28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбони олдида рўй берган жанжалдан кейин, кечқурун блогер Миразиз Базаров ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан дўппосланди. Айни вақтда у тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бу воқеадан кейин халқаро ташкилотлар вазиятдан тўлиқ хабардор бўлмаган ҳолда блогерга жабрдийда сифатида қараб, у гўёки сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани учун таъқибга учрагани ҳақида баёнотлар беришмоқда.

Аммо аслида у фақатгина ЛГБТ ғоялари тарафдори бўлгани учунгина ҳужумга учрадими? Ёки у ўзига ҳужум қилинишига эришдими? Олдиндан айтиш мумкинки, у «тролл»ча чиқишлари, алоҳида шахсларни ва бутун жамиятни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишлари оқибатини била туриб ҳаракат қилган, олов билан ўйнашган.

Қуйида унинг ижтимоий тармоқдаги фаолияти билан боғлиқ воқеалар хронологияси келтирилади.

Миразиз Базаров интернетда 2020 йилдан буён ЛГБТ ғояларини фаол тарғиб қилиб келган. Ўтган вақт мобайнида ҳукумат ҳам, ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам унга жиддий эътибор қаратишмаган. У фақат сўнгги провокацион чиқишларидан сўнг танилди ва кўпчиликнинг нафратига «сазовор» бўлди.

Миразиз Базаров 2021 йил 5 мартида ILGA-Europe ташкилотининг Ўзбекистонда гомосексуализмни декриминализация қилиш борасидаги материалини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Шу билан биргаликда, инстаграмда ижтимоий ва диний мавзуларда ёзувчи таниқли блогерларни тег қилган, бундан ташқари, бу блогерлар ҳам унинг ЛГБТ тўғрисидаги ғояларини қўллаб-қувватлашини айтиб, ёлғон пост жойлаштирган. Натижада, томонлар ўртасида зиддияли ҳолат юзага келган.

У 11 март куни TikTok’даги саҳифасида ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларни ҳар жума куни Тошкентдаги Хастимом майдонида йиғилишга чорлаган эди. «Ҳамма — ЛГБТ сафида бўлганлар келмасин, у ерда сизни уришлари, ўлдириб қўйишлари мумкин — ЛГБТнинг базавий ҳуқуқларини қўллаб-қувватловчи ҳамма эртага ва ҳар жума Хастимомга келишлари керак», деганди у.

Унинг навбатдаги жиддий провокацион чиқиши 20 март куни бўлади. У Ўзбекистон президентлигига номзодлик қилишини айтиб, президентликка сайланса, мамлакатда «свингмаҳаллалар» пайдо бўлишини, яъни эркаклар ўз аёлларини бошқа эркаклар билан алмашиб, баҳам кўриши ҳамда бир жинслилар муносабатига йўл очиб беришини айтади. Бунга сабаб сифатида мусулмон аёллар, хусусан, ўзбек аёллари шундоқ ҳам доимий равишда эрларига хиёнат қилишларини таъкидлайди.

Бундан ташқари, у март ойи бошида Амир Темур хиёбонида аксарияти ўспиринлардан иборат бўлган Аниме ва К-поп мухлисларини тўплаган. Бу жараённи ёритиш вақтида икки ўспирин қизнинг ўпишиб турган ҳолатини ҳам намойиш этган. Натижада, жамоатчиликда бу ҳам ЛГБТ тадбири бўлгани ҳақида тасаввур уйғотган.

Унинг бундай чиқишлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ғазабини уйғотган, шу жумладан, блогерлар ва жамоатчилик фаолларининг кескин норозиликларига сабаб бўлган. Унинг чиқишларига нафрат руҳидаги постлар, уни жазога тортишга чақириқлар сони кўпайган.

Кўриниб турибдики, Базаров қатор қонун талабларини қўпол равишда бузиб, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлаган. Шу тарзда, 28 март кунги тартибсизликлар келиб чиқишига хизмат қилган.

Халқаро ташкилотлар воқеа юзасидан муносабат билдираётганида масаланинг хронологиясини ўрганиб, блогернинг мақсадлари ва агрессив ҳаракатларига эътибор қаратиши ва шунга яраша баҳо бериши тўғри бўларди.

У сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқларини байроқ қилиб, бошқа инсонларнинг иззат-нафсига тегиши, динни аралаштириши, мамлакатнинг аксарият аҳолиси учун муқаддас ҳисобланган тушунчаларни оёқости қилиши, ўзбек аёлларининг шаънига чидаб бўлмас туҳматлар қилиш орқали ўзбек эркакларининг нафсониятига тегиши ўз оқибатларини келтириб чиқариши табиий ҳолат эди. Натижада унга нисбатан «самосуд» уюштирилди.

Ноқонуний митинг ҳам, «самосуд» ҳолати ҳам ўзбекистонликларнинг аксар қисми томонидан қораланмоқда.

Барча қонунбузарлар, провокацион ҳаракатлар содир этган блогерлар, шу жумладан, Базаров ҳамда унга тан жароҳати етказганганларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилади. Зеро, Ўзбекистонда самосудлар эмас, фақат қонун ҳамда унга итоаткорлик устувор бўлиши шарт.

  • Шу ўринда, ота-оналарга мурожаат: фарзандларингизнинг тарбиясига эътиборли бўлинг, мақсадлари эзгу бўлмаган турли оммавий тадбирларда иштирок этишига йўл қўйманг! Ўғил-қизларингиз бўш вақтларида нима билан шуғулланаётганига, ижтимоий тармоқларда кимларга эргашаётганига эътибор қаратинг, бефарқ бўлманг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) иккинчи қисмига кўра миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига кўра йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасида ўзбошимчалик билан жазолаш мақсадида шахсга зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Айни вақтда, амалиётда учраётган бу каби ҳолатлар Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) ва қасддан баданга шикаст етказиш билан боғлиқ (ЖКнинг 104, 105, 109 ва бошқ.) моддалари билан малакаланмоқда.  

Top