Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати март ойининг охирида Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тартибсизликлардан кейинги тергов жараёни тўғрисида хабар берди.
«Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳодисалар ва фуқаро Базаров Миразизга етказилган тан жароҳатлари билан боғлиқ жиноят ишлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида нотўғри маълумотлар тарқалмоқда. Шу муносабат билан қуйидагиларни маълум қилишни лозим топдик.
Муқаддам хабар берилганидек, жорий йилнинг 28 март куни тахминан соат 15.00да Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбонида уч-тўрт фуқаро ёш йигит ва қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларга тан жароҳатлари етказган. Уларга яна 20-25 киши қўшилиб, безорилик ҳаракатларини давом эттиришган. Дастлаб жанжални бошлаган 12 нафар фуқаро ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди («Безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади хабарда.
Амир Темур хиёбони яқинида ўсмирларга ҳужум қилганликда айбланган тўрт киши уй қамоғига олинган.
«Тергов давомида ҳодисада бевосита иштирок этган шахслар аниқланиб (31 нафар), уларнинг ҳар бирининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилган. Улардан тўрт нафари жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Булар: Тошкент вилоятида 1989 йилда туғилган Қурбонов Фарҳоджон ва 1991 йилда туғилган Йўлдошев Музаффар, шунингдек, пойтахтда истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган Фазлитдинов Баҳодир ҳамда 2002 йилда туғилган Анваров Рихситилла. Айбланувчиларга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Дастлабки тергов тугагандан сўнг, жиноят иши қонуний қарор қабул қилиниши учун судга тақдим этилади.
Можарода иштирок этган қолган 27 нафар шахснинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси («Майда безорилик»), 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик»), 195-моддаси («Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш») ва 201-моддасида («Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш») назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ахборот ресурсларида 1991 йилда туғилган Базаров Миразизга тан жароҳати етказилганлиги ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди («Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Тергов томонидан суд-тиббий экспертиза хулосаси олингач, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «к» бандига («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши») қайта малакаланди. Жиноят иши доирасида тузилган тергов-тезкор гуруҳ томонидан 100дан ортиқ фуқаролар сўроқ қилинди, жиноятчилар ҳаракатланган бўлиши мумкин деб гумонланган 41 172та автотранспорт воситалари ўрганилмоқда. Мазкур жиноятга алоқадор фуқароларнинг шахслари аниқланмоқда», дейилган хабарда.














