Ўзбекистон | 22:14 / 01.04.2021
54975
3 дақиқада ўқилади

«Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз» — Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев олдинги тартиб тикланиши, лекин иқтисодиётга зарар келтирмаслик учун ҳеч қаер ёпилмаслиги, шу билан бирга тартиб-интизом кучайтирилиши, касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш кераклигини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида қилинаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Давлат раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталди.

«Бугунги муҳим масала – пандемия. Жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 нафар бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич – 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.

Бунинг сабаби – кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди», деди президент.

Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, тун-у кун ишлайдиган «колл-марказ»лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

«Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди.

Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз. Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтайи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак.

Тиббиёт ходимлари, етакчи шифокорлар тушунтириш ишларини яна қайта бошласин. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин ҳамма талабларни кучайтирамиз. Агар яна бир ҳафта чўзиб юборсак, аҳволимиз олдинги ҳолатга қайтиши мумкин. Тошкентдаги вазият энг оғир, тўйларни 300 киши, концертларни 4 минг кишилик қилиб юбордик. Агар жиддий қарамасак, вазият яна газак олиб кетиши мумкин», дея президентнинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Апрель-июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ҳозирда 660 минг доза вакцина олиб келинган. Ҳукумат комиссиясига Хитойдан яна 3,5 миллион доза ва Россиядан 1 миллион доза вакцина сотиб олиш бўйича кўрсатма берилди.

Фуқароларни яшаш манзили бўйича эмлаш куни ва жойи ҳақида хабардор қилиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича вазирлар, ҳокимлар ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари ахборот берди.

Мавзуга оид