Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тбилисида Ўзбекистон элчихонаси очилади
Шавкат Мирзиёев Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе билан музокара ўтказди. Унда Гуржистонда Ўзбекистон элчихонасини таъсис этиш қарори қабул қилинди. Тбилисидаги боғга Алишер Навоий номи берилади. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадини белгилади.
Гуржистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон президентининг сўнгги йигирма йилдан ортиқ вақт ичида Гуржистонга амалга оширган биринчи давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Музокараларда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш, туризм ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларни ташкил этганини, жорий йил бошидан эса бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошганини қайд этди. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ҳамда бу борада қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишилди.

Шунингдек, Поти ва Батуми портлари инфратузилмасидан фаол фойдаланиш, Гуржистонда логистика хаби, саноат зонаси ва Ўзбекистон маҳсулотлари учун шоурум ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.

Музокараларда «Боку – Тбилиси – Карс» темирйўлини барпо этилаётган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўл магистрали билан боғлаш имкониятларини ўрганиш таклифи ҳам илгари сурилди.

Бундан ташқари, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, электротехника, энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат ва енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, рақамлаштириш, ахборот технологиялари, рақамли банк хизматлари ҳамда туризм соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш таклифи билдирилди, Ўзбекистоннинг Гуржистондаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Томонлар эришилган келишувлар ижросини таъминлаш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлашга келишиб олди.
Мавзуга оид
14:55
Ўзбекистон ва Гуржистон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди
12:25
Шавкат Мирзиёев Грузия қаҳрамонлари ёдгорлигига гулчамбар қўйди
22:03 / 02.07.2026
Шавкат Мирзиёев Гуржистоннинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди
21:12 / 02.07.2026