Жаҳон | 22:03 / 02.07.2026
832
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Гуржистоннинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди

Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида 2 июль куни президент Шавкат Мирзиёевни Гуржистоннинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон – Гуржистон кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун давлат раҳбарига ушбу мукофотни Гуржистон президенти Михаил Кавелашвили топширди.

Ўзбекистон етакчиси Михаил Кавелашвили, бош вазир Ираклий Кобахидзе ҳамда парламент раиси Шалва Папуашвилига юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, дўст Гуржистон халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

1998 йилда таъсис этилган “Олтин мўйна” ордени мамлакатнинг олий давлат мукофотларидан бири бўлиб, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда грузин маданияти, илм-фани ва санъатини тарғиб этиш борасидаги алоҳида хизматлар учун берилади.

Орденнинг номи Олтин мўйна ҳақидаги қадимги юнон афсонаси ҳамда ҳозирги Гуржистон ҳудудида жойлашган тарихий ўлка – Колхида билан боғлиқ.

Турли йилларда мазкур юксак мукофот билан Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Иордания подшоҳи Абдулла II, Германия канцлери Герхард Шрёдер, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Ҳайдар Алиев ва бошқалар тақдирланган.

Шунингдек, давлат раҳбари Орбелиани саройининг Фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид