Ўзбекистон | 13:59 / 02.04.2021
10652
2 дақиқада ўқилади

Якшанба куни ёмғир ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлади

Бугун Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида кечаси 1-2 даражагача бўлган совуқ кузатилди, бундай совуқнинг сабаби антициклондир, у ҳудудга Ғарбий Сибирнинг жанубий қисмидан кириб келди. Кундузи антициклон шарққа қараб силжийди ва Эрон ҳудудидан илиқ ҳаво кириб келиши бошланади, ҳаво 12-17 даража илиққача кўтарилади.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, эртага илиқ ҳавонинг кириб келиши кучаяди, кечаси ҳарорат 0-5 даража илиқни ташкил этади, кундузи ҳарорат 19-22 даража иссиққача кўтарилади, бу апрел ойи бошидаги ўртача кўп йиллик қийматлардан 2-3 даражага юқоридир. Республика бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат шимолий ҳудудларнинг баъзи жойларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Якшанба куни нам ҳаво массаси республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади, ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучаяди. Ҳаво ҳарорати 8-13 даража илиқни ташкил этади, кундузи 11-16 даража илиқдан юқори бўлмайди. Шимолий ҳудудларда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ва момақалдироқ билан кузатиладиган атмосфера фронти кечқурун бўлиб ўтади. 

5 апрелда Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида кечаси ва кундузи ёмғир ёғиши сақланиб туради.

4-5 апрелда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғиши кучли бўлади, бунинг ҳисобига ушбу ҳудудларда сел келиши мумкин.

2-4 апрелда Тошкент ва Наманган вилоятларининг 1600 метрдан юқори тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид