Ўзбекистон | 11:23 / 03.04.2021
6158
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 14 мингдан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 апрел куни Ўзбекистонда яна қанча одам коронавирусга қарши эмлангани тўғрисида маълумот берди.

«Вакцинациянинг иккинчи кунида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан жами 9211 нафар фуқаро эмланди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

Вакцина олганларнинг 3726 нафарини 65 ёшдан юқори фуқаролар ва 5485 нафарини тиббиёт ходимлари ташкил қилди.

2 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни Тошкент шаҳри (2313 нафар), Қашқадарё вилояти (1021 нафар), Андижон вилояти (783 нафар), 
Тошкент вилояти (740 нафар) ва Наманган вилояти (713 нафар) банд қилди.

Вакцинациянинг биринчи куни - 1 апрелда Ўзбекистоннинг 5018 нафар фуқароси коронавирусга қарши эмланган эди. Шу тариқа, мамлакатда вакцина қабул қилганлар сони 14 мингдан ошди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси COVAX дастури доирасида бепул тақдим этилган AstraZeneca вакцинаси (660 минг доза) ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси (1 миллион доза) билан эмланмоқда.

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид